Латвия ҳукумати минглаб русларни мамлакатдан қувмоқда
Олам
−
30 Декабрь 2023
14169Латвия ҳукумати белгиланган муддатгача яшаш учун рухсатнома топширмаган ва ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган 1200 дан ортиқ россияликни депортация қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “lsm.lv” давлат телеканали хабар берди.
Департаментга кўра, бу россияликлар иммиграция қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар билан белгиланган муддат - 30 ноябргача Латвияда яшаш учун рухсатнома ҳужжатларини тақдим этмаган. Шу билан бирга, айни пайтда 900 дан ортиқ руслар аллақачон республикани тарк этган.
2022 йил август ойида Латвия ҳукумати Россия фуқаролари учун фақат маълум ҳолларда Латвияда вақтинчалик яшаш рухсатномаларини узайтириш ва давлат тилидан имтиҳон топширган тақдирдагина уларга доимий прописка бериш тўғрисида қарор қабул қилганди. Имтиҳонга 15 ёшдан кичик ва 75 ёшдан ошган шахслар киритилмаган.
Жорий йил октябрь ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги, агар Латвия ҳукумати русларни мамлакатдан чиқариб юборса, Россия ватандошларини қабул қилади ва улар учун ҳамма шароитни яратади, дея баёнот берди.
“Камида 1213 нафар Россия фуқароси Латвиядан чиқариб юборилади. Улар иммиграция қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар билан белгиланган муддат 30 ноябргача Латвияда яшаш учун рухсатнома олиш ҳужжатларни тақдим этмаган ва бу одамларнинг қачондан бери мамлакатда қолаётгани ҳақида маълумот йўқ”, дейилади хабарда.
Департаментнинг аниқлик киритишича, мамлакатдан депортация қилиниши керак бўлганларнинг якуний сони ҳали янгиланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил ёз ойларида Россиянинг Бухарестдаги элчихонасининг 40 нафар ходими ва уларнинг оила аъзолари Руминия ҳукумати илтимосига кўра мамлакат ҳудудини тарк этиши ҳақида маълум қилган эдик.