Тошкентда мактаб ўқувчиси ток уриб ўлди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактаб ўқувчиси очиқ турган электр токи симига тегиб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганиш мақсадида воқеа жойига борди.

99-мактабда терговолди ҳаракатларини олиб бораётган Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси терговчиси Мурод Нуралиевнинг маълум қилишича, ҳолат 27 ноябрь куни тахминан 18:15лар атрофида содир бўлган.

"99-мактабнинг 9-"И" синф ўқувчиси спорт майдончасидан чиқаётган вақтида ёритувчи чироқ устунини ушлаши оқибатида вафот этган”, дейди М.Улуғбек туман прокуратураси терговчиси.

Унинг маълум қилишича, ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа содир бўлган жой тегишли мутахассислар иштирокида кўздан кечирилиб, ёритувчи чироқ устуни электр токидан узилган. Терговчига кўра, ўқувчи воқеа содир бўлган куни суд-тиббий экспертизаси ўтказилган ва ўқувчи сўнгги манзилга кузатилган.

99-мактаб директори ҳолат юзасидан интервью бермади. Ўқувчилардан бирининг айтишича, ток уриш ҳолати биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ. Бундан аввал ҳам ток уришидан зарар кўрган ўқувчилар бўлган.

"5-"Д" синфида ўқийман. Мен билан бирга ўқийдиган А.А.ни ҳам худди шу устунни ушлаганида ток уриб, отиб юборганди. Ҳозир синфдошим мактабга келмаяпти”, дейди ўқувчилардан бири.

 

99-мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси 15 кун олдин унинг фарзандини ҳам ток урганини айтмоқда.

“Бу мактабнинг директорини ишдан бўшатиш керак. 15 кун олдин боламни ток урганида ҳам синф раҳбари яхши бўлгани учун ҳеч кимни устидан ёзмаган эдим. Худди шу жойда мени ўғлимни ҳам ток урганди. Болам шифохонада ётди. Ҳали ҳам мактабга чиққани йўқ. Аллоҳ менга боламни қайтариб берди. Ток бир дақиқача болани ушлаб туриб отиб юборган. Биринчи маротаба содир бўлганида тезкор чора кўрилмагани оқибатида қайсидир она фарзанд доғини кўрди. Ўзини ишига масъулиятсиз қарайдиган директор ва бошқалар сабаб бир она фарзандидан айрилди. Болам мактабда ток уриб бир неча кундан бери бормаяпти. Директор эса бирор маротаба хабар олгани йўқ. Мен мактабга бориб келдим. Боланинг ўзига айб қўйиб, нимжон, касал экан деб айтишяпти”, дейди ўқувчилардан бирининг онаси.

7-синфда ўқийдиган ўқувчилардан бирининг айтишича, у ҳолатни ўз кўзи билан кўрган. Ўқувчининг қўшимча қилишича, тез тиббий ёрдам ходимлари чақирилгандан 20 дақиқа ўтиб етиб келган.

“Ўлган болани танимайман. Кеча кечқурун ток уриб ерда йиқилиб ётганини кўрдим. Атрофдан одамлар келиб ёрдам берди. Спирт ҳидлатишди. Тез тиббий ёрдам 20 дақиқада келди. Бошқа нарса айтолмайман”, дейди ўқувчилардан бири.

Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шошмашошарлик билан бола ток уриши оқибатида ҳалок бўлганини рад этиб, ўқувчи ҳушидан кетиб вафот этгани ҳақида баёнот берди, таъбир жоиз бўлса воқеани хаспўшлашга уринди. Бироқ, бошқарма боланинг ўлимига ток уриши сабаб бўлмаганини ҳеч қандай маълумот билан далилламаган.

Бош прокуратура томонидан эълон қилинган суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, 99-мактаб ўқувчиси Амирхон Акромхўжаевнинг ўлими “Электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, чап қўл кафт соҳаси электр тамғаси” оқибатида юз берган.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб ўқувчиси ток уриши 99-мактаб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг