АҚШ ҳинду болаларга зўравонлик қилинганини тан олди
Олам
−
12 Май 2022
9644Америка расмийлари ҳиндулар ва Қўшма Штатларнинг бошқа туб халқларининг фарзандларига мамлакатдаги федерал мактаб-интернатларда ўнлаб йиллар давомида зўравонлик қилинганини тан олди. Тегишли ҳисобот АҚШ Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, гап Америка расмийларининг ушбу халқларни маданий жиҳатдан ассимиляция қилишга уринишлари ҳақида кетмоқда. Таъкидланишича, болалар қариндошларидан ажратилиб, ихтисослаштирилган муассасаларга мажбуран жойлаштирилган.
Қайд этилишича, 1819 йилдан 1969 йилгача ҳинду мактаб-интернатларининг федерал тизими 408 тадан иборат бўлган. Ушбу муассасаларнинг аксариятида болаларга ғамхўрлик етарли бўлмаган.
“Ҳинду мактаб-интернатларида кенг тарқалган жисмоний, жинсий ва ҳиссий зўравонлик, касаллик, тўйиб овқатланмаслик, одамларнинг кўплиги ва тиббий ёрдамнинг етишмаслиги батафсил ҳужжатлаштирилган. Текширувда тизимдаги тахминан 53 та турли мактабда белгиланган ёки белгиланмаган дафн этилган жойлар аниқланди. Вазирлик тергов давомида аниқланган дафн этилган жойлар сони ортиб боришини кутмоқда”, дейилади ҳужжатда.
Вазирлик маълумотларига кўра, “дастлабки таҳлилларга кўра, тахминан 19 та федерал мактаб-интернатлар 500 дан ортиқ америкалик ҳинду, Аляска ва Гавайининг туб аҳолиси болаларининг ўлимига сабаб бўлган”.
“Тергов давом этар экан, вазирлик ўлганлар сони бўйича тахминларни ошишини кутмоқда”, дейилган вазирлик хабарида.