Абдулазиз Комилов Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қатнашди
Жамият
−
25 Ноябрь 2020
2114Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кеча, 24 ноябрь куни онлайн режимда Женева шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати бугун, 25 ноябрь куни хабар берди.
Тадбир Финляндия Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматлари томонидан ҳамда БМТ кўмагида ташкил этилди. Конференция ишида 100 дан ортиқ давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва ОАВ вакиллари қатнашган.
Тадбир чоғида Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик музокаралари бошланганини олқишлаган ва уларнинг ўтказилишига фаол кўмаклашган илк давлатлардан бири бўлгани қайд этилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётини тиклашга қаратилган қатор муҳим ва долзарб ташаббуслар илгари сурилган.
Ўзбекистоннинг электр таъминоти, транспорт инфраструктурасини қуриш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида Афғонистонга ёрдам бераётгани таъкидланди.
Конференцияда коронавирус инфексияси тарқалишига қарши курашиш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Пандемия шароитида биродар афғон халқига Ўзбекистон томонидан биринчи даражали эҳтиёж маҳсулотлари, озиқ-овқатлар, тиббиёт воситаларини ўз ичига олган қатор гуманитар ёрдам карвонлари юборилгани айтилган.
Форум қатнашчилари Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш ва унинг иқтисодиётини тиклашга кўмаклашиш борасида Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 ноябрь куни “Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
LiveБарчаси