FIFA Роналдунинг 982-голини тан олмади
Спорт
−
27 Октябрь 2263 2 дақиқа
Криштиану Роналдунинг “Ал-Наср” сафида “Ал-Файсали”га қарши учрашувда урган голи атрофида баҳс юзага келди. FIFA’нинг ўйинлар маркази ушбу тўпни рақиб ҳимоячиси Андре Жироттонинг автоголи сифатида қайд этди.
Воқеа жорий йилнинг 23 октябрь куни “Ал-Файсали”га қарши учрашувнинг 49-дақиқада содир бўлган. Жоау Феликс жарима майдонига узатмасидан сўнг Роналду тўпни боши билан дарвоза томон йўналтирди. Тўп “Ал-Файсали” ҳимоячисига тегиб, дарвоза тўридан жой олди. Португалиялик футболчи голни ўз ҳисобига ёзиб, анъанавий “Сиу” услубида голни нишонлади.
Саудия Про-лигаси ҳам ушбу голни ҳамон Роналду номига ёзмоқда. Шунингдек, хабарларга кўра, ҳакамнинг расмий ҳисоботида ҳам “Ал-Наср”нинг иккинчи голи португалиялик ҳужумчига тегишли деб кўрсатилган.
Шу тариқа, статистик маълумотларда тафовут юзага келди: Саудия Про-лигаси ҳисобида Роналдунинг фаолияти давомидаги голлари сони 982 тани ташкил этса, FIFA ва “Opta” маълумотларида ушбу тўп автогол сифатида қайд этилгани сабабли унинг ҳисобида 981 та гол қолмоқда.
Саудия ОАВларининг хабар беришича, мамлакат футбол федерациясининг ҳакамлар қўмитаси жорий йилнинг 25 октябрь куни баҳсли вазиятни кўриб чиққан. Қўмита ҳакам ва VAR ўртасидаги мулоқотни ҳам ўргангани айтилмоқда. Бироқ ҳозирча гол муаллифи бўйича якуний қарор оммага эълон қилинмаган.
Агар гол Роналду номига расман ёзилса, у фаолиятидаги 1000 та голлик маррага етиш учун яна 18 та тўп киритиши керак бўлади. Агар автогол сифатида қолса, бу кўрсаткичга етиш учун унга 19 та гол зарур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Криштиану Роналдунинг фаолиятидаги 981-голини Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси дарвозасига киритганди.
Live
Барчаси27 Октябрь