Роналдунинг 982-голи бекор қилиниши мумкин
Sport
−
10:53 364 2 minutes
Португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналдунинг фаолиятидаги 982-голи бекор қилиниб, автогол деб қайта таснифланиши мумкин. Бу ҳақда “Opta” статистик портали хабар берди.
Портал ўзининг расмий саҳифаларида голни автогол сифатида қайта таснифлаган. Ҳодиса жорий йилнинг 23 октябрь куни Саудия Арабистони Про-лигаси доирасида “Ал-Наср”нинг “Ал-Файсалий” устидан 3:1 ҳисобидаги ғалабаси пайтида содир бўлди.
Баҳсли вазият 49-дақиқада юз берди. Жоау Феликс жарима зарбасидан тўпни жарима майдончасига узатди, Роналду эса боши билан дарвоза томон йўллади. Бироқ тўп “Ал-Файсалий” ҳимоячиси Андре Жироттога тегиб, йўналишини ўзгартирди ва дарвозага кириб кетди.
“Opta” голни ҳимоячининг автоголи сифатида қайд этди. “Sofascore” ва “FotMob” каби бошқа статистик платформалар ҳам ушбу вазиятни автогол деб баҳолади. Бироқ мусобақанинг расмий саҳифаларида бу гол Роналдунинг профессионал фаолиятидаги 982-голи сифатида қайт этилди.
“Opta” портали ҳисоб-китобларига кўра, Роналду фаолияти давомида 1000 та гол уриш учун яна 19 та гол киритиши керак. Бироқ Саудия Арабистони Про-лигасининг амалдаги статистик таснифида унинг голлари сони 982 та деб кўрсатилган бўлиб, бу ҳисоб бўйича маррага етиш учун яна 18 та гол талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Криштиану Роналдунинг фаолиятидаги 981-голини Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси дарвозасига киритганди.
Live
All