Ўзбекистонда қўпол йўл қоидабузарликлари учун машиналар мусодара қилиниши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳайдовчиларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов “Oʻzbekiston24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, идоралараро ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган таклифлар давлат раҳбарига тақдим этилган.

Таклифларга кўра, беш турдаги қўпол қоидабузарлик учун транспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш, вояга етмаганларга автомобил бошқаришни топширган ҳолатлар учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этиш, ноқонуний пойгалар учун жазони кучайтириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, транспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахс томонидан содир этилган йўл безорилиги учун автомашинани мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш таклиф этилмоқда.

Яна бир муҳим таклифга кўра, маст ҳолда транспорт бошқарган шахсларга нисбатан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллаш, қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларни эса бир йил давомида жаримани чегирма билан тўлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, вояга етмаган шахсга автомобиль бошқаришни топшириш оқибатида одамлар жароҳатланса ёки ҳалок бўлса, бу ҳолатлар учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда наркотик билан шуғулланган ҳамда вояга етмаганларнинг автомобиль бошқаришига йўл қўйганларга жавобгарлик кучайтирилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

мусодара йўл безорилиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг