Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида коррупцион схема фош этилди

3-саҳифа

image

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимида товар импорт қилиш учун рухсатнома ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда пора ва норасмий тўловлар билан боғлиқ коррупцион схема фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, тезкор-қидирув тадбирлари давомида агентликнинг айрим масъул ходимлари тадбиркорлардан импорт ҳужжатларини расмийлаштириш учун белгиланган норасмий “ставка”лар бўйича пул олиб келгани аниқланган.

Жумладан, фуқаро Г.У. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида ишловчи танишлари орқали Туркиянинг “Y.T.” корхонасини хорижий экспортёр корхоналар реестрига киритиб бериши эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширувда фуқаро Г.У. ва агентликнинг бош мутахассиси М.Г. ўзаро тил бириктириб, “S.S.” МЧЖга Россия Федерациясидан ёғоч ва Туркманистон Республикасидан помидор маҳсулотларини импорт қилишда импорт карантин рухсатномасини расмийлаштириб бериши эвазига 2,9 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Бундан ташқари, фуқаро Г.У.нинг 2 та банк пластик картасига фуқаролардан Р2Р шаклида 10,9 миллиард сўм келиб тушган. Шундан атиги 1,6 миллиард сўми тўловлар учун тўланган. Шу билан бирга фуқаро Г.У. 6,1 миллиард сўмни нақдлаштириб, агентликнинг масъул ходимларига берганлиги ва қолган 3,1 миллиард сўмни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Шунингдек, агентлик ва унинг қуйи ташкилотлари ғазна ҳисоб рақамларига келиб тушган 91,7 миллиард сўм таҳлил қилинганда 14,9 миллиард сўмлик тўловлар 759 нафар фуқаронинг пластик карталари орқали амалга оширилиб, шундан 174 нафари агентлик тизими ходими ва 34 нафари уларнинг яқин қариндошлари эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 643,2 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилиш билан боғлиқ йирик коррупцион схема фош этилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура талон-торож қилиш коррупцион схема Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг