Россияда мигрантлар учун тиббий кўрик қоидалари кучайтирилди
Олам
−
11 Июнь 1770 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин мигрантлар учун мажбурий тиббий кўрик қоидаларини кучайтирувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Аввал мигрантлар Россияга кирганидан сўнг 90 кун ичида хавфли юқумли касалликлар ва ОИВ мавжудлигини аниқлаш ҳамда гиёҳванд моддалар истеъмоли бўйича тиббий кўрикдан ўтиши керак эди. Янги қонунга кўра, бу муддат 30 кунгача қисқартирилди.
Шунингдек, қонун меҳнат мигрантлари ва Россияда 90 кундан ортиқ қолишни режалаштираётган чет эл фуқаролари учун ҳар йили қайта тиббий кўрикдан ўтишни мажбурий этиб белгилайди.
Тиббий текширув натижалари давлат ахборот тизимига киритилади. Агар гиёҳванд моддалар истеъмоли, хавфли юқумли касалликлар ёки ОИВ аниқланса, бу ҳақдаги маълумотлар автоматик равишда Россия Ички ишлар вазирлигига юборилади.
Тиббий кўрик харажатлари мигрантларнинг ўзи ёки уларнинг иш берувчилари томонидан қопланади. Бундан ташқари, бундай текширувларни фақат давлат томонидан ваколат берилган ташкилотлар ўтказиши мумкин.
Маълум қилинишича, қонун 2026 йил 1 сентябрдан кучга киради.
Шунингдек, Путин тиббий кўрикдан ўтишни рад этган ёки ундан бўйин товлаган мигрантларга нисбатан 25 мингдан 50 минг рублгача жарима солиш ҳамда уларни мамлакатдан чиқариб юбориш имкониятини назарда тутувчи қонунни ҳам имзолаган.
Тиббий текширув қоидаларини бузганлик учун фуқароларга 25 мингдан 100 минг рублгача, мансабдор шахсларга 100 мингдан 200 минг рублгача, юридик шахсларга эса 300 мингдан 1 миллион рублгача жарима қўлланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ноқонуний миграцияга қарши курашиш доирасида ўтказилган рейдлар натижасида 6 мингга яқин чет эл фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилинганди.
Live
Барчаси