Россия Эронга қурол етказиб бермаган – Путин
Олам
−
09:57 832 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Россия Эрон Ислом Республикасига ҳеч қандай қурол етказиб бермаганини маълум қилди. Бу ҳақда у Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи сессиясида сўз очди.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия томони Эронга қурол юбориш ёки ҳарбий ёрдам бериш бўйича ҳеч қандай иш қилмаган.
“Эрон биздан бундай илтимос билан мурожаат қилмаган ва биз уларга ҳеч қандай қурол етказиб бермадик”, деган Путин.
У, шунингдек, Эронга керак бўлган айрим маълумотлар фақат кўплаб давлатлар фойдаланадиган тижорий сунъий йўлдошлар орқали олиниши мумкинлигини билдирган.
Аввалроқ, айрим Ғарб оммавий ахборот воситалари Россия Эронга дронлар ва разведка маълумотлари етказганини даъво қилган эди. Хусусан, “Financial Times” манбаларига таяниб, Россия Эронга “Герань-2” типидаги дронларни бергани ҳақида ёзган.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам CNN телеканалига берган интервьюсида Россия Эронга дронлар етказиб берганини ва бу бўйича “100 фоизлик далиллар” мавжудлигини айтган.
Шунингдек, “Carnegie Politika” нашри аввало Россия Эронга Як-130 ўқув самолётлари, Ми-28 жанговар вертолётлари ва “Спартак” зирҳли машиналари етказгани ҳақида маълумот берган эди. Бироқ бу битимларнинг аксарияти расмий равишда тасдиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқининг (ЕИ) бандлик ва меҳнат масалалари бўйича комиссари Роксана Минзату АҚШ ва Эрон ўртасидаги низо туфайли энергия ресурслари нархининг кескин кўтарилиши оқибатида иттифоқ 1,3 миллионгача иш ўрнини йўқотиши мумкинлигини маълум қилганди.
Live
Барчаси