“Социализм учун кураш”: Си ва Ким нималарга келишиб олди?
Олам
−
09 Июнь 4122 2 дақиқа
ХХР Раиси Си Цзиньпин 2019 йилдан бери илк бор Шимолий Кореяга ташриф буюрди. КХДРга сўнгги етти йил ичидаги илк давлат ташрифи давомида у Ким Чен Ин билан учрашди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.
Ушбу ташриф Хитой учун ягона ҳисобланган Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги мудофаа шартномаси тузилганлигининг 65 йиллигига бағишланган.
“Reuters”нинг хабар беришича, Хитой етакчиси ХХР Шимолий Корея билан умумий чегаралар ва устувор йўналишларни ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларидан воз кечмаслигини маълум қилган. Ким Чен Ин билан учрашувда у қўшнилар стратегик алоқаларни мустаҳкамлаши, шунингдек, ўз суверенитети ва хавфсизлигини қатъий ҳимоя қилиши кераклигини қўшимча қилган.
Ўз навбатида, Ким Чен Ин Хитой билан муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга тайёрлигини билдирган. КХДР раҳбари “икки мамлакат ўртасидаги барча соҳалардаги алоқалар ва ҳамкорликнинг жадал ривожланишини” юқори баҳолаган.
“Халқаро вазиятнинг ўзгаришидан қатъи назар, бизнинг партиямиз ва ҳукуматимиз ХХР партияси ва ҳукуматининг “ягона Хитой” тамойили асосида ҳаётий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган сиёсати ва позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлайди”, дейди Ким Чен Ин.
Музокаралар давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни ва икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ниятини тасдиқлаган.
Шимолий Корея раҳбари Си Цзиньпин шарафига қабул маросими уюштирган. Ким Чен Ин бўлиб ўтган музокараларда “социализм учун курашнинг ягона йўлида икки мамлакат халқларининг гўзал келажагини биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан барпо этиш иродаси яна бир бор тасдиқланганини” қайд этган.
Хитой ва Шимолий Корея “Корея-Хитой муносабатларини ривожлантиришнинг янги босқичини” бошлашга келишиб олган. Хусусан, улар КХДР ва ХХР ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома тузилганлигининг 65 йиллиги муносабати билан икки мамлакатда тантанали тадбирларни йўлга қўйишга қарор қилинган. Шунингдек, икки партия ўртасидаги олий даражадаги алоқаларни кучайтириш, барча соҳаларда, жумладан, сиёсий, иқтисодий ва маданий йўналишларда тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинган.
Бундан ташқари, томонлар халқаро ва минтақавий муаммолар, ҳар икки давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ривожланиш манфаатларини ҳимоя қилиш йўллари юзасидан фикр алмашган. Мураккаб дунё сиёсий вазиятида минтақада ва умуман сайёрада тинчлик ҳамда тараққиётни сақлаб қолиш масалалари муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Си Цзиньпин 2019 йилдан бери илк бор Шимолий Кореяга ташриф буюргани ҳақида хабар қилинган эди. Унинг сафари кеча, 8 июнь куни ва бугун, 9 июнь куни бўлиб ўтди.
Live
Барчаси