АҚШ КХДР билан ядровий қуролсизланишни муҳокама қилмоқчи
Олам
−
15:31 1082 2 дақиқа
Кеча, 4 июнь куни АҚШ Давлат департаменти вакили Вашингтонда Қўшма Штатлар Шимолий Корея (КХДР) билан ядровий қуролсизланиш зарурлигини муҳокама қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
“Қўшма Штатлар Шимолий Корея билан ҳеч қандай олдиндан шартларсиз мулоқот қилиш учун ҳамон очиқ. АҚШ Шимолий Кореянинг тўлиқ ядровий қуролдан холи бўлиши тарафдори бўлиб қолмоқда”, дейди вакил.
Ушбу баёнот Пхеньяндан Ким Чен Иннинг яқинда ишга туширилган ядровий материаллар ишлаб чиқарувчи заводга ташриф буюргани ва мамлакатнинг ядровий салоҳиятини геометрик прогрессия билан оширишга чақиргани ҳақидаги хабарлар ортидан янгради.
“АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти, Вашингтон ва Сеул муносабатларида дипломатиянинг бутунлай йўқлиги фонида Пхеньян ўзининг ядровий ва баллистик ракета дастурларини икки баробар кучайтираётгани ҳақидаги хавотирлар ортиб бораётган бир пайтда КХДР раҳбарияти билан алоқаларни қайта тиклашни хоҳламоқда”, деб ёзади “Yonhap”.
Жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган партия қурултойида Пхеньян Сеул, Вашингтон ва Токио позициясига зид равишда ядровий қуролга эга давлат мақомини яна бир бор тасдиқлаган ва ҳарбий модернизациянинг беш йиллик режасини маъқуллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакатнинг янги ишга туширилган ядровий материал ишлаб чиқариш корхонасига ташрифи чоғида ядровий арсенални “экспоненциал даражада” кенгайтириш зарурлигини билдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси