Гуманоид робот Чимборасо вулқонини забт этди, кейинги манзил – Эверест

Олам

image

Пемба номли гуманоид робот Эквадордаги Чимборасо вулқони чўққисига муваффақиятли чиқиб, 6 200 метр баландликдаги ушбу тоғни забт этди. Бу ҳақда “Mir24.tv” хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу робот 6 200 метр баландликдаги тоғни забт этиб, экстремал шароитларда ишлай оладиган робототехника имкониятларини синовдан ўтказиш бўйича муҳим босқични босиб ўтган. Ушбу экспедиция кейинчалик дунёнинг энг баланд нуқтаси ҳисобланган Эверестга чиқиш режасининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Лойиҳа доирасида фойдаланилган Пемба роботи аслида ўзгартирилган Unitree G1 модели бўлиб, у мураккаб релъеф ва паст ҳароратли шароитга мослаштирилган. Синов жараёнида робот нисбатан енгил қияликларда мустақил ҳаракат қилган, бироқ тик ва техник жиҳатдан мураккаб ҳудудларда экспедиция жамоаси томонидан қўлда кўмак берилган. Мутахассислар бу ёндашувни роботнинг имкониятларини босқичма-босқич кенгайтириш йўлидаги муҳим амалий синов сифатида баҳоламоқда.

Лойиҳа ташаббускори Пабло Берланга Боемаре ушбу экспедицияни оддий технологик намойиш эмас, балки амалий эҳтиёжлардан келиб чиққан изланиш сифатида таърифлайди. Унинг фикрича, келажакда бундай роботлар узоқ ва хавфли ҳудудларда экологик мониторинг, ёввойи табиатни кузатиш ҳамда маълумот йиғиш жараёнларида муҳим воситага айланиши мумкин. Шу сабабли лойиҳа доирасида роботга камера, сенсорлар ва сунъий интеллект тизимлари қўшилган.

Экстремал баландлик шароити роботлар учун жиддий техник муаммоларни юзага келтиради. Паст ҳарорат, кислороднинг камайиши ва кескин об-ҳаво ўзгаришлари батарея самарадорлиги ҳамда электрон тизимлар ишлашига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис Пемба учун махсус иссиқликни бошқариш тизимлари ва ҳимоя конструкциялари ишлаб чиқилган бўлиб, улар аввал Хитойнинг совуқ ҳудудларида ўтказилган синовлар орқали текширилган.

Шунга қарамай, Чимборазодаги муваффақият инсонсимон роботлар фақат лабораторияда эмас, балки Ернинг энг оғир табиий шароитида ҳам ишлай олишини кўрсатган.

Лойиҳа жамоаси келгусида роботни Ҳимолай тоғларига, жумладан, Эверест ҳудудига юборишни режалаштирмоқда. Бироқ бу ташаббус ҳали тўлиқ амалга оширилмаган, чунки Непалда роботлар иштирокидаги экспедицияларни тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий меъёрлар мавжуд эмас. Шу сабабли лойиҳа вақтинча музлатилган бўлиб, тегишли қоидалар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

чўққи гуманоид робот Чимборасо вулқон чиқиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг