Марадонанинг йиртилган формаси рекорд нархда сотилди
Спорт
−
25 Декабрь 6823 1 дақиқа
Аргентиналик футбол афсонаси Диего Марадонанинг 1984 йилги йиртилган формаси “Matchday Football Auctions” кимошди савдосида 179 минг долларга сотилди. Бу ҳақда “Mundo deportivo” нашри хабар берди.
Манбага кўра, футболка дастлаб 145 минг долларга сотилган, бироқ 23 фоизлик комиссия қўшилгач, унинг якуний нархи 179 минг долларни ташкил этган. Бу натижа Марадонага тегишли футболкалар орасида аукционда сотилган энг қиммат форма сифатида қайд этилди.
Мазкур либос 1984 йилги Испания Кубоги финалида йиртилган. Ўша учрашувда Марадона тўп сурган “Барселона” жамоаси Мадриддаги “Сантяго Бернабеу” стадионида “Атлетик Бильбао”га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган. Баҳс якунида майдонда оммавий муштлашув юз берган.
Ўйиндан сўнг формани жамоа кийимларини ювишга тайёрлаётган аёл топиб олган. Йиртилган ва фойдаланишга яроқсиз деб ҳисоблаган футболкани аёл ўз дўстига берган, кейинчалик эса у мерос тариқасида унинг ўғлига ўтган. Орадан қарийб 40 йил ўтгач, футболка кимошди савдосига қўйилган.
Маълумот учун, Диего Марадона 2020 йилда 60 ёшида вафот этган. У 1986 йилги жаҳон чемпиони, шунингдек, “Барселона” сафида Испания Ла Лигаси, Испания Суперкубоги ва Испания кубогини қўлга киритган. “Наполи” билан эса икки марта Италия чемпиони бўлиб, бир марта Италия кубоги ва UEFA кубогида ғолиб чиққан.