“Васвасаген”: Тошкентдаги мактабларда ёппасига ниқоб тақиш буюрилдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида мавсумий ўткир респиратор касалликлар ва грипп авж олгани, бунинг ортидан аҳоли ёппасига дорихоналарга бораётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шунингдек, бугун, 30 октябрдан бошлаб пойтахтдаги мактабларда тиббий ниқоб тақиш тартиби жорий этилиши ҳақида ҳам хабарлар урчимоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков муносабат билдирди.

“Ижтимоий тармоқларда ушбу масала нотўғри талқин қилинмоқда. Аввало, уларда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг шу йил 26  сентябрдаги қарори асос қилиб кўрсатиляпти. Ҳужжат санасига эътибор беринг: у сентябрь ойида имзоланган. Аслида, ҳар йили мавсумий ўткир респиратор касалликлар ва грипп авж олишидан олдин бу каби қарорлар қабул қилиниб, жойлардаги муассасаларга тегишли тавсиялар бериб келинади”, дейди у.

Билдирилишича, қарорда эпидемик вазият мураккаблашганда тиббий ниқоб тақиш белгиланган. Ҳозир эпидемик вазият барқарор, шундай экан, мактабларда ёппасига ниқоб тақиш зарурати йўқ. Агар гуруҳда касалланган болалар бўлса, ўша бемор билан мулоқотга киришиш эҳтимоли бор жойлардагина ниқоб тақиш тавсия этилади.

“Ҳаво-томчи йўли билан юқадиган касалликларда имкон қадар ижтимоий масофа сақлаш ва мулоқот даврида ниқобда бўлиш мақсадга мувофиқ. Ҳужжатда айтиб ўтилган тиббий ниқоб тақиш тартиби жойларда вазиятга қараб ҳал қилинади. Буни зинҳор ёппасига шундай тартиб жорий қилиняпти, деб талқин қилмаслик керак”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур қарорга жойлардаги эпидемик вазият қай даражада мураккаб ёки мураккаб эмаслигидан келиб чиқиб, тегишли чора қабул қилиш учун мўлжалланган одатий ҳужжат сифатида қаралиши зарур.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда болалар орасида мавсумий ўткир респиратор вирусли касалликларга ўхшаш, лекин ич кетиш ва қайт қилиш симптомлари бўлган инфекция тарқалаётгани билан боғлиқ хабарлар тарқалганди. Бироқ ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдириб, бу хабарларни рад этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ниқоб грипп ўткир респиратор касалликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг