Тожикистон чегарачилари ва “Толибон” ўртасида отишма бўлди – ОАВ
Олам
−
27 Октябрь 2025 8080 2 дақиқа
Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара ҳудудида Тожикистон чегарачилари ҳамда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати кучлари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди. Ҳодиса жорий йилнинг 25 октябрь куни Шамсиддин Шоҳин туманида юз берган. Бу ҳақда “8 subh” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, отишма Тожикистоннинг Шамсиддин Шоҳин тумани ва Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги Шаҳри-Бузург тумани орасида жойлашган Дованг қишлоғида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, можаронинг сабаби Панж (Амударё) дарёсининг ўз оқимини ўзгартиргани бўлган. Ушбу дарё икки давлат ўртасидаги табиий чегара ҳисобланади ва бу масала илгари ҳам томонлар ўртасида баҳсларни келтириб чиқарган.
ОАВ хабарларига кўра, тўқнашув олтин қазиб олинадиган ҳудудда бўлиб ўтган. У ерда Хитой компаниялари ҳам фаолият юритади.
Манбаларнинг билдиришича, отишма қурбонларга сабаб бўлган, бироқ ҳалок бўлган ва яраланганлар сони маълум эмас. Қайси томонда талофатлар борлиги ҳам ҳозирча номаълум.
Журналистларнинг Тожикистон Чегара қўшинларидан изоҳ олишга уринишлари самарасиз бўлган. “Толибон” ҳам ҳозирча расмий баёнот бермаган. “8 subh” хабарига кўра, отишмадан сўнг муваққат ҳукумат вакиллари Бадахшоннинг янги губернатори Исмоил Ғазнавий билан йиғилиш ўтказган ва унда чегара ҳудудидаги вазият муҳокама қилинган.
Шаҳри-Бузург тумани аввал ҳам “Толибон” ҳарбийлари ва тожикистонлик чегарачилар ўртасидаги қуролли тўқнашувларга гувоҳ бўлган. Бироқ илгарироқ “Толибон” матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара “хавфсиз ва тўлиқ назорат остида” эканини таъкидлаган.
“Ҳар икки томон ҳам хавфсизлик учун масъул, биз ўз мажбуриятларимизни бажаряпмиз”, деган у.
Қайд этилишича, тўқнашув “Толибон” делегацияси Балх вилояти губернатори Юсуф Вафа бошчилигида Душанбега ташриф буюрганидан бир неча кун ўтиб содир бўлган.
Делегация Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов ҳамда Уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзода билан учрашувлар ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон билан чегарада содир бўлган тўқнашувларда 5 нафар покистонлик аскар ва 25 нафар жангари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилгган эди. Жангари гуруҳлар 24-25 октябрь кунлари Афғонистондан Покистоннинг шимоли-ғарбий чегарасидаги Куррам ва Шимолий Вазиристон ҳудудларига ўтишга уринган. Покистон “Толибон” ҳукуматини “Афғонистон ҳудудида фаолият юритаётган қуролли гуруҳларга қарши чора кўрмаётганликда” айблаган.