Оксфордда энди ўзбек тили ўрганилади
Жамият
−
16 Октябрь 2025 14019 2 дақиқа
Буюк Британиядаги дунёга машҳур Оксфорд университетида эндиликда ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унинг билдиришича, эндиликда Оксфорд университетининг “Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари” факультетида ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади. Саида Мирзиёева университетдан мукофот ҳам қабул қилган. У буни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқларнинг эътирофи сифатида билишини ёзган.

Шунингдек, Саида Мирзиёева ўғли Миромон Турсунов ҳамроҳлигида Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, Ҳусайн Бойқаронинг “Девони Ҳусайний”, Бобурийлар даврига оид миниатюралар ва бошқа кўплаб нодир китоблар сақланаётган Бодлиан кутубхонаси билан танишган.

Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева 9 октябрь куни Брюсселда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Кая Каллас билан учрашган эди. Қолаверса, Мирзиёева Брюсселда Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Йозеф Сикела билан ҳам учрашди. У 13 октябрь куни Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одиль-Рено Бассо билан учрашди.
Шунингдек, Мирзиёева 14 октябрь куни Лондонда “Rothschild & Co” компанияси кузатув кенгаши аъзоси баронесса Ариэль Малард де Ротшильд, Буюк Британия Ғазначилиги иқтисодий котиби Люси Ригби, Британия бизнес вакиллари ва Буюк Британия Бош вазири ўринбосари ва Адлия вазири Дэвид Лэмми билан учрашув ўтказди.
Live
Барчаси