Ғазода оташкесим келишуви кучга кирди – ЦАХАЛ

Олам

image
Ўзбекистон ҲАМАС ва Исроил келишувига Трамп бош бўлганини олқишлади north_east

Ўзбекистон ҲАМАС ва Исроил келишувига Трамп бош бўлганини олқишлади

Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув маҳаллий вақт билан соат 12:00 да кучга кирди. Бу ҳақда Исроил армияси (ЦАХАЛ) хабар берди.

Қайд этилишича, соат 12:00 дан бошлаб ЦАХАЛ қўшинлари ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув ва гаровга олинганларни қайтариш учун тайёргарлик сифатида янгиланган жойлашув чизиғи бўйлаб ўз позицияларини эгаллай бошлаган.

“Жанубий қўмондонлик таркибидаги армия қўшинлари ҳудудда жойлашган ва ҳар қандай бевосита таҳдидни бартараф этишда давом этади”, дейилади ЦАХАЛ баёнотида.

Қайд этиш жоиз, 9 октябрь дунёдаги миллионлаб одамлар учун яхши хабар билан бошланди – Исроил ва ҲАМАС ҳаракати вакиллари икки йил деганда муқим келишувга эришди. Бу янгиликни дунёга биринчилардан бўлиб АҚШ Президенти Дональд Трамп эълон қилди. 

Битим Трамп маъмурияти таклиф қилган 20 бандлик режанинг биринчи босқичи ҳисобланади. У ўт очишни тўхтатиш, гаровдагилар ва асирларни алмашиш, Исроил қўшинларини Ғазодаги “сариқ чизиқ” деб аталувчи ҳудудгача олиб чиқишни ўз ичига олади. 

Келишув тафсилотларига кўра, гаровга олинган тирик одамларни топшириш жараёни Исроил ҳукумати томонидан битим маъқуллангандан 72 соат ўтиб бошланади. Ҳозирда ҲАМАС қўлида бўлган 48 кишидан тахминан 20 нафари тирик экани айтилмоқда. Шунингдек, Исроил армияси Ғазодан қўшинларини қисман олиб чиқишнинг биринчи босқичини битим имзоланганидан 24 соат ўтиб якунлаши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС ҳаракатининг музокара гуруҳи вакили Ҳалил ал-Ҳайя ҳам Ғазо секторидаги уруш ўз ниҳоясига етди ва минтақада тинчлик битими кучга кирганини маълум қилган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ғазо ЦАХАЛ оташкесим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг