“Фаластин бизга ёрдам бермаган”. Алиев Озарбайжон Ғазога қўшин юбормаслигини айтди
Олам
−
07 Январь 22055 2 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакати Ғазо секторида тинчликпарвар кучлар тузишда иштирок этмаслигини ва бу мақсадда ҳарбий хизматчилар юбормаслигини маълум қилди. Алиев бу ҳақда 5 январь куни маҳаллий телеканалларга берган интервьюсида гапирган.
“Умуман олганда, Озарбайжон чегараларидан ташқарида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш масаласи кўриб чиқилмайди. Биз қийин аҳволга тушганимизда, бизни ўз ҳолимизга ташлаб кетишди. Ҳеч ким бизни ҳимоя қилмади. Фаластинга нисбатан ҳурмат ва ҳамдардлигимиз бўлишига қарамай, у ҳам бизни қўллаб-қувватламаган”, деган Алиев.
Шу билан бирга, Алиев Озарбайжон ҳар доим Фаластин давлатини тузиш ғоясини қўллаб келганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, БМТда, халқаро тузилмалар ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида Озарбайжон доим Фаластин тарафида бўлган. Шунингдек, Фаластиннинг Озарбайжондаги элчихонаси Баку томонидан молиявий қўллаб-қувватланади.
“Мен доим айтганман: араб давлатларининг масалаларини араб давлатларининг ўзи ҳал қилиши керак”, дея қўшимча қилган Озарбайжон етакчиси.
Президентнинг айтишича, у АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти билан алоқада бўлган ва тинчликпарвар миссия бўйича саволларни уларга етказган.
“Биз 20 дан ортиқ банддан иборат сўров тайёрлаб, уни Америка томонига топширдик. Аммо бизнинг тинчликпарвар кучлар таркибида иштирок этишимиз кутилмаяпти”, деган Илҳом Алиев.
Маълумот учун, Озарбайжон Исроил ва Туркиянинг иттифоқчиси ҳисобланади. 2023 йилнинг март ойида Алиев Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида Озарбайжон элчихонасининг очилишини фаол қўллаб-қувватлаган ва уруш бошланганидан кейин ҳам Исроилни қўллашда давом этган.
Бакуда бошқа кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ, Ғазодаги жанглар фонида Исроилга қарши намойишлар бўлгани ҳақида хабар берилмади. Аксинча, кўплаб фуқаролар очиқчасига яҳудий давлати билан бирдамлик билдирган. Озарбайжон Исроил билан иқтисодий алоқаларни тўхтатиш бўйича босимларга ҳам қўшилмади ва ёқилғи етказиб беришни тўхтатмади. Ҳатто, етказиб бериш ҳажми оширилиб, Исроил истеъмолининг қарийб ярмига тенг даражага етказилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху учрашув ўтказиши режалаштирилгани ва учрашувнинг асосий мавзуси Ғазодаги сулҳ келишувининг иккинчи босқичини келишиб олиш масаласи бўлиши ҳақида хабар берилганди. Музокаралар Трампнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида бўлиб ўтади. Унда тинчликпарвар кучлар масаласи ҳам ўртага ташланиши мумкин.
Live
Барчаси