Энди “Россия босқинчи эмас” ёхуд Венесуэла – замонавий мустамлака

Таҳлил

Афсуски, янги 2026 йил ўтган йилнинг эски муамоларини мерос қилиб олди. Январь ойининг дастлабки кунлариданоқ бошланган ғала-ғовур халқаро ҳуқуқ аслида қудратли давлатлар учун бир парча қоғоз экани, оламга тинчликни қайтаришни ваъда қилганлар эса хоҳлаган пайтда бу ҳуқуқларга беўйлов тупуриб, зўравонлик йўлига ўтиб кетишини ва адолат мезони дейилувчи демократия вақти келса ўша зўравонлар учун ўзини оқлаш воситасига айланиб қолишини кўрсатди. Бир томонда Россия бошлаган ва ҳалигача тугатолмаган Украина уруши, иккинчи томондан Исроилнинг Ғазо устидан қирғини. Навбат эса АҚШнинг ғарбий яримшардаги империалистик ҳаракатларига етди. Қисқа қилиб айтганда, колонизациялаштириш даври қайтаётган кўринади.

АҚШ ва Венесуэла можароси ҳақида ўтган йилда ҳам бир неча бор гапирган эдик, ваҳоланки, охир-оқибат муаммолар қурол кучи билан ҳал этилиши кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Янги йил оқшомларида “Ер шарига тинчлик” шиори билан баралла жар солган АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қарор қабул қилишдаги бундай кескин бурилиши ижтимоий тармоқларда баъзан танқид қилинса, баъзан жиддий сатира остига олинмоқда. Ҳар холда тинчлик бир давлатнинг чегарасига берухсат бостириб кириб, давлат раҳбарини ўғирлаб, камига оддий аҳолининг ҳам ўлимига сабаб бўлган операция ўтказиш билан ўрнатилмаса керак?! 

Россиянинг Украинага қилган агрессиялари тинимсиз қораланиб, Трампнинг Америка қитъасида том маънода якка ҳукмрон бўлишга уринаётгани эътиборсиз қолдирилмоқда. Қудратли деб ишониладиган давлатлар ҳам, халқаро ташкилотлар ҳам расмий норозилик баёнотларини беришдан ортиғига журъат қилолмаётгандек, гўё. Одамларнинг халқаро ҳуқуқ-у, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига бўлган ишончи тобора пасайиб бораётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Операция тафсилотлари

2026 йил 3 январь, маҳаллий вақт билан таҳминан 02:00 атрофида Венесуэла пойтахти Каракас шаҳри осмонига АҚШ ҳаво кучлари бостириб кирди. Ҳеч қандай ҳарбий қаршиликларсиз бўлиб ўтган қарийб ярим соатлик операция  Венесуэала Президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес ҳибсга олиниб, АҚШга олиб чиқиб кетилиши билан якунланди. “Operation Absolute Resolve” номли ҳужум режасининг илдизи ўтган 2025 йилнинг ёзига бориб тақалади. CBS телеканали манбасининг айтишича, Давлат котиби Марко Рубио, Мудофаа вазири Пит Ҳегсет, МРБ директори Жон Рэтклифф ва Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Стивен Миллер иштирокида тузилган ушбу режа АҚШнинг қудратли ҳаво кучлари салоҳиятига ва Венесуэла ҳукумати таркибидаги гуруҳга таянган. АҚШ Қуролли кучлари Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Дэн Кейннинг 3 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтишича, операция режаси декабрь ойидаёқ тўлиқ тайёр бўлган, бироқ бир неча ҳафта давомида қулай об-ҳавони кутишга тўғри келган.  
                                                                                    
Генерал Кейннинг сўзларига кўра, 3 январь кечаси керакли об-ҳаво шароити юзага келган ва АҚШнинг Шарқий қирғоқ вақти билан соат 22:46 да Трамп операцияни бошлаш буйруғини берган. Бир вақтнинг ўзида 20 та базадан 150 дан ортиқ самолёт ва учувчисиз аппаратлар ҳавога кўтарилган. 

Каракас вақти билан тунги соат 02:01 да вертолётлар Мадуронинг қароргоҳига етиб борган. Уларни юқоридан самолётлар ва дронлар ҳимоя қилиб турган. Шундан сўнг, қўлга олиш гуруҳи Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силияни асир олган. Вертолётлар ҳавога кўтарилиб, операция бошланганидан 4 соат 43 дақиқа ўтиб – АҚШ Шарқий қирғоғи вақти билан 03:29 да “Иво Жима” авиаташувчисига қўнган.

Операциянинг кўплаб махсус тафсилотлари ҳарбий сир сифатида очиқланмади, аммо маҳаллий ОАВлар маълумотларига кўра ҳужум оқибатида фақат ҳарбийлар эмас, оддий аҳоли ҳам ҳалок бўлган. “The New York Times” журналида эълон қилинган маълумотларга кўра умумий ҳисобда қирқдан зиёд инсон отишма ва портлашлар давомида вафот этгани айтилган. Венесуэла Мудофа вазирлиги  портлашлар аҳоли яшаш пунктларида ҳам содир бўлганлигини тасдиқлади.

Трамп танқид остида

АҚШнинг ушбу операцияси нафақат Венесуэла, балки бутун дунё учун ҳам умуман кутилмаганда содир бўлди. Дунёдаги ҳеч бир қонун билан оқлаб бўлмайдиган бундай тезкор ҳужум ва давлат раҳбарининг мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши кўплаб сиёсий доираларда кескин танқидларга сабаб бўлди.

Дастлабки муносабатни Венесуэлага қўшни бўлган Колумбия давлати Президенти Густаво Петро эълон қилди. Х ижтимоий тармоғида Каракасдаги бомбардимонлар ҳақида огоҳлантириб, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Америка Давлатлари Ташкилотини тезкор йиғилишлар ташкил этишга чорлади.

“Ҳозир айни пайтда Каракас ҳужум остида. Бутун дунёни огоҳлантиринг: Венесуэла ҳужумга учради! Ракета зарбалари берилмоқда. Америка давлатлари ташкилоти ва БМТ зудлик билан йиғилиш ўтказиши керак”, деб ёзди Густаво Петро.

Албатта, бошқалар ҳам жим тургани йўқ, дунёнинг қирқдан ортиқ давлатлари ва жаҳон ташкилотлари томонидан тезкор муносабатлар билдирилди. Жумладан, Европадан: Буюк Британия, Франция, Германия, Испания, Италия, Бельгия, Нидерландия, Дания, Финляндия, Австрия, Швеция, Норвегия, Ирландия, Полша, Чехия, Албания, Косово, Осиёдан: Хитой, Россия, Эрон, Туркия, Сурия, Покистон, Вьетнам, Исроил, Жанубий Америкадан: Колумбия, Бразилия, Мексика, Чили, Боливия, Куба, Никарагуа, Гондурас, Уругвай, Перу, Парагвай, Аргентина, Африкадан: Жанубий Африка, Сенегал, Нигерия, Эфиопия ва Океаниядан: Австралия ва Янги Зенландия расмийлари баёнот билан чиқди. Бундан ташқари, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кажа Каллас ва Америка Давлатлари Ташкилоти Бош котиби Альберт Рамдин танқидий муносабатларини эълон қилди. Билдирилган реакцияларнинг асосий қисми АҚШнинг ҳаракатларини қоралаган ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш, аралашмаслик тамойили ҳамда венесуэлаликларнинг ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилишга ва халқаро тинчликни сақлашга чақирган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотга кўра, АҚШнинг ушбу ҳаракатлари Хитой учун ҳам кутилмаган бўлгани ва бунга жиддий қарши эканини билдирган.

“Хитой АҚШнинг суверен давлатга қарши қўпол куч ишлатиши ва унинг президентига қарши ҳаракатларидан қаттиқ ҳайратда ва қатъий қоралайди. АҚШнинг бундай гегемонлик ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ ва Венесуэла суверенитетини жиддий равишда бузади ҳамда Лотин Америкаси ва Кариб денгизи минтақасида тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солади. Хитой бунга қатъий қарши. Биз АҚШни халқаро ҳуқуққа, БМТ Низомининг мақсадлари ва тамойилларига риоя қилишга ҳамда бошқа мамлакатларнинг суверенитети ва хавфсизлигини бузишни бас қилишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

АҚШнинг асосий иттифоқчиларидан бири Франциянинг ҳам бу борада фикрлари ижобий эмас. Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Telegramʼдаги каналида Венесуэла Президентининг сиёсатини танқид қилди, аммо Венесуэла халқининг суверенитетини ҳурмат қилишни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. 

“Николас Мадурони қўлга олишга олиб келган ҳарбий операция халқаро ҳуқуқнинг марказида бўлган куч ишлатмаслик тамойилига зиддир. Франция ҳеч қандай узоқ муддатли сиёсий ечимни ташқаридан мажбурлаб бўлмаслигини ва суверен халқлар ўз келажагини ўзлари белгилашини эслатади”, деб ёзди у. 

Шу жумладан Дональд Трамп қайсидир маънода қўллаб, ён босиб келадиган Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳам бу борада фикрлари аҳамиятли. Украинага босқинидан буён халқаро ҳуқуқларни бузувчи сифатида кўриб келинаётган Россия маъмуриятининг АҚШга келганда ўша ҳуқуқларни эслаб қолгани, муаммоларни тинч йўл билан ечиш мумкинлигини айтиши, бир томондан кулгили. Россия Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, бундай ҳаракатларни оқлаш учун ишлатилган баҳоналар асоссиз.

“Вужудга келаётган вазиятда, энг аввало, муаммони янада кучайишига йўл қўймаслик, муаммолардан чиқиш йўлини мулоқот орқали топишга интилиш муҳимдир. Биз бир-бирига эътирози бўлиши мумкин бўлган барча ҳамкорлар ўзаро муаммоларни ҳал қилиш йўлларини мулоқот ечимлари орқали излашлари керак, деб ҳисоблаймиз. Биз уларни бу йўналишда қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, дейди расмий Москва.

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги вакили ҳам АҚШнинг Венесуэла суверенитетини ваҳшийларча бузаётгани ҳақидаги сўровга жавобан буни “қўполлик ҳаракати” деб атади ва бу воқеа халқаро ҳамжамият узоқ вақтдан бери тез-тез гувоҳи бўлиб келган АҚШнинг ёвуз ва шафқатсиз табиатини яна бир бор тасдиқловчи бир мисол эканини айтди.

“Шимолий Корея Венесуэлада содир этилган АҚШнинг гегемонликка интилиш ҳаракатини суверенитетга тажовуз қилишнинг энг жиддий шакли ҳамда БМТ Низоми ва халқаро қонунларнинг қўпол равишда бузилиши сифатида қаттиқ қоралайди”, деб қўшимча қилинди. 

Шунингдек, у халқаро ҳамжамиятни Венесуэладаги “ҳалокатли” вазиятни тан олишга ва АҚШнинг бошқа мамлакатлар суверенитетини одатий равишда бузишини қоралашга чақирди.

Дунёнинг деярли барча давлатлари аъзо бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерришнинг эълон қилган баёнотида Венесуэладаги барча иштирокчилар инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига тўлиқ ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва инклюзив мулоқотга чақирилган. 

“Венесуэладаги вазиятдан қатъи назар, бу воқеалар хавфли прецедентни ташкил этади. Бош котиб халқаро ҳуқуқни, жумладан, БМТ Низомини тўлиқ ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлашда давом этмоқда. У халқаро ҳуқуқ қоидаларига риоя қилинмаганидан чуқур хавотирда”, дейилган баёнотда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 2-моддасига кўра, барча аъзолар халқаро муносабатларда ҳар қандай давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатишдан тийилиши шарт. АҚШнинг хоҳ мамлакатда демократияни тиклаш важи бўлсин, хоҳ бошқа баҳона – ҳеч бири қурол ёрдамида масалани ҳал этишга ваколат бермайди. Низомнинг 51-моддасида қурол ишлатиш ҳуқуқи қачонки, давлатнинг ўзи қуролли ҳужумга учраганда амал қилиши белгилаб қўйилган, аммо Вашингтон важ қилаётган муаммо бу наркокартель муаммоси, холос. Қисқа қилиб айтганда, Халқаро жиноий суд АҚШ маъмуриятини жавобгарликка тортиш учун етарли асосга эга, бироқ Оқ уй ўзини оқлаш учун тайинли ҳужжат тополмайди ва буни хоҳлагани ҳам йўқ.

Албатта, ушбу ҳужмни оқлаган давлатлар ҳам саноқли бўлса-да, топилади. Албаниянинг Европа ва Ташқи ишлар бўйича вазири Элиза Спирипали ўзининг Х саҳифасида АҚШни қўллаб-қувватлашини ва унинг ҳаракатларини ёқлашини эълон қилди.

“Биз Давлат котиби Рубионинг авторитаризм, коррупция ва трансмиллий жиноий тармоқларга қарши курашишдаги кучли етакчилигини қўллаб-қувватлаймиз. АҚШнинг содиқ иттифоқчиси ва НАТО аъзоси сифатида Албания демократик тамойиллар ва глобал хавфсизликни ҳимоя қилишда Америка раҳбарияти билан елкама-елка турибди”, деб ёзган Спирипали.

Кўплаб мутахассислар ушбу ҳаракатларни ҳеч бир халқаро ҳуқуқ нормаси билан оқлаб бўлмаслигини ва бу очиқчасига жиноят эканлигини таъкидламоқда. Ҳатто, АҚШнинг ўз қонунчилига кўра ҳам бир давлатнинг ички ишларига аралашиш мумкин эмас, аслида. 

Нью-Йоркнинг янги мэри Зоҳран Мамдани ҳам Трампнинг бу қарорини салбий баҳолаб, ўз чиқишларида Венесуэла суверинитети масаласини кўтарди.

“Режим ўзгаришига қаратилган бундай очиқчасига интилиш нафақат чет элликларга, балки Нью-Йорк аҳолисига, жумладан, бу шаҳарни ўз уйи деб биладиган ўн минглаб венесуэлаликларга ҳам бевосита таъсир қилади. Менинг диққат марказим уларнинг ва ҳар бир нью-йоркликнинг хавфсизлигига қаратилган ва менинг маъмуриятим вазиятни кузатишда давом этади ҳамда тегишли кўрсатмалар беради”, деб ёзади Мамдани.

Хуллас, Венесуэланинг автократик режими барча учун бирдек маълум ва шу вақтгача Николас Мадуронинг ҳокимияти етарлича танқид қилинган. Буни ўтган йилги тинчлик бўйича Нобель мукофотини Венесуэла парламентининг собиқ депутати, мамлакатнинг мухолиф кучлари етакчиларидан бири Мария Корина Мачадо қўлга киритгани ҳам бунга яққол исбот. Аммо, АҚШнинг ҳарбий йўл билан бир давлатнинг суверинитетини бузиши ва буни демократия учун қилдим дейишига ҳеч ким ишонмайди, айниқса, нишондаги давлат дунёнинг биринчи рақамли нефтга бой мамлакати бўлса.

Венесуэаладаги мураккаб вазият

Автократ маъмурият ағдарилди, ўрнига АҚШ ишонган Делси Родригес муваққат раҳбар бўлди, аммо ҳануз Венесуэла халқи норози, мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатилмади. Намойишлар тўхтамади фақат иштирокчилари алмашди, холос. Аслида АҚШ қўллаётган Делси Родригеснинг ўзи ҳам Мадуро ҳукуматига бегона эмас. У айнан Мадуро даврида вице-президент лавозимини эгаллаганди ва Мадуродан кейин ҳокимиятни қўлга олгач, илк гапи АҚШ билан ҳамкорлик қилишини тасдиқлаш бўлди. Трамп эса, бордию хоним Родригес АҚШнинг йўриғига юрмаса, унинг ҳам бошига Мадуронинг куни тушишидан огоҳлантирди. 

Дунёнинг энг нефтга бой мамлакати бўлган Венесуэла таҳминан 300 миллиард баррель нефть захирасига эга бўлса-да, мамлакат аҳолиси ниҳоятда қашшоқ, гиперинфляция ва жон бошига жуда ҳам кам йиллик даромад билан яшашга мажбур бўлган. Маълумотларга кўра, расмий энг кам иш ҳақи дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, ойига тахминан 0,30 – 0,50 АҚШ долларини (130 боливар) ташкил этади. Аҳолининг 70 фоизидан кўпроғи ойига 50 доллардан кам даромад кўради. Ишчиларнинг атиги 6 фоизи 1000 доллардан юқори маош олади. Аҳолининг кўп қисми асосий эҳтиёжларини қондириш учун хориждаги қариндошларидан юбориладиган пул ўтказмаларига ёки ҳукумат томонидан бериладиган озиқ-овқат ёрдамларига боғланиб қолган.

2026 йил учун йиллик инфляция даражаси, турли манбаларга кўра, 225 фоиздан 629 фоизгача бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу нархларнинг доимий равишда кескин ошишига олиб келмоқда. Жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот тахминан 2 970 – 3 750 доллар атрофида баҳоланмоқда, бироқ бу рақам аҳолининг реал фаровонлигини акс эттирмайди. Аҳолининг 90 фоиздан ортиғи қашшоқлик чегарасидан паст шароитда яшайди, 67 фоизи эса ўта қашшоқлик ҳолатида. Мамлакатда электр энергияси ва ёнилғи тақчиллиги, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимининг инқирози кузатилмоқда.

Нотўғри бошқарув ҳамда табиий қазилмаларга қарамлик аҳолини оғир шароитда яшашга мажбур қилди. Аммо, АҚШнинг давлат ички ишларига аралашуви билан амалга оширган тўнтариши бу ҳолат яхшиланишини билдирмайди, чунки Вашингтон кўзлаган мақсад демократияни тиклашгина эмаслиги кундек равшан.

Мутахассисларнинг фикрича, Венесуэланинг Хитой ва Россия билан яқинлашуви АҚШнинг ҳужумларига асосий сабаб сифатида кўрсатилади. Яъни, Вашингтон шунчаки нефть захиралари учун талашмаяпти, балки Лотин Америкасида чинакамига геосиёсий ўйин бошлаган. БМТнинг 5 январь куни бўлиб ўтган махсус йиғилишида ҳам АҚШ ўз мақсадларини яширмади, очиқчасига Ғарбий яримшарни ўзининг манфаатлар ҳудуди экани ва бу ерга бошқа йирик ўйинчилар киришига йўл қўймаслигини айтди. Муаммо шундаки, Оқ уйнинг бу баёноти нафақат АҚШ, балки Хитой, Россия ёки умуман бошқа бир давлат ўзининг стратегик устуворлигини сақлаб қолиш учун бемалол ўзгаларнинг чегараларига бостириб кириб, захираларини ўзлаштириши мумкин дегани. Ўз навбатида Қўшма штатлар мантиғи билан ўйлайдиган бўлсак, Россия энди босқинчи эмас, у ўз манфаатлари учун курашаяпти, холос. 

Хуллас, Трамп кўзлаган “яширин” мақсад фақатгина улкан нефть манбаини қўлга киритиш эмас, рақибларини ўз “уйига” киритмаслик учун ҳаракат. Ўз навбатида, Каракасдаги Ҳукуматни назоратга олиш – Хитойга кетувчи нефтни назоратга олиш демакдир. На наркокартелга қарши курашиш ва на демократияни тиклаш – ҳеч бири АҚШ маъмурияти учун асосий мақсад эмас. Бу – шунчаки замонавий дунёда замонавий мустамлакачилик!


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Россия Венесуэла Хитой Трамп БМТ Исроил Оқ уй Ғазо Густаво Петро Жан-Ноэль Барро Марко Рубио Делсй Родригес

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг