Россия Украинада йўловчи поездига ҳужум уюштирди (видео)
Олам
−
04 Октябрь 2025 6095 1 дақиқа
Бугун, 4 октябрь куни Россия Қуролли кучлари Суми вилоятидаги Шостка жамоати темирйўл вокзалига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари Олег Григоров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумга Шостка-Киев йўналишидаги йўловчи поезди учраган.
“Суспiльне” нашрининг ёзишича, тахминан 30 киши жароҳат олган, жабрланганлар шифохонага ётқизилган”, дейди Шостка маъмурияти раҳбари Оксана Тарасюк.
Вилоят раҳбари поезднинг ҳужумдан кейинги суратини эълон қилган. Унда камида битта вагонда ёнғин чиққани кўринади. Гувоҳлар олган видеоларда ёнма-ён турган бошқа поезднинг ойналари ҳам синиб кетгани акс этган. “Сумыблэнерго” компанияси Россия зарбаларидан сўнг Шостка шаҳрида муҳим инфратузилма жиддий зарар кўргани ва бутунлай электр таъминотисиз қолгани ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Россия қўшинлари Херсон, Днепропетровск ва Николаев вилоятларида тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаларига мунтазам равишда ҳужум қилаётгани ҳақида хабар берган эди. Ташкилотнинг Украинадаги ҳуқуқбузарликларни текшириш бўйича мустақил халқаро комиссияси фронтга яқин ҳудудларда қисқа масофали дронлардан фойдаланган ҳолда тинч аҳолига ҳужумлар авж олганидан хавотирдалигини билдирган.
Live
Барчаси