Индонезия Президенти Ғазога 20 минг аскар юборишга тайёрлигини айтди
Олам
−
24 Сентябрь 2025 6609 2 дақиқа
Кеча, 23 сентябрь куни Индонезия Президенти Прабово Субианто Ғазога 20 минг тинчликпарвар аскар юборишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у Нью-Йоркда бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида сўз очди.
Прабовонинг айтишича, Жануби-Шарқий Осиёдаги бу давлат БМТ тинчликпарвар кучларига энг катта ҳисса қўшувчилардан бири сифатида “тинчлик қўриқчиси керак бўлган жойларда хизмат қилишда” давом этади.
“Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея қарор қабул қилса, Индонезия Ғазода ёки Фаластиннинг бошқа ҳудудида тинчликни таъминлаш учун 20 минг ёки ундан ҳам кўп аскар юборишга тайёр. Бу икки давлатли ечим учун, Фаластин ва Исроилда тинчлик орзу эмас, балки ҳақиқатга айланиши учун керак”, дейди Прабово.
У зўравонлик билан сиёсий муаммоларни ҳал қилиб бўлмаслигини айтиб, БМТни бу фалокатни тўхтатиш учун қатъий чора кўришга чақирди.
“Акс ҳолда, дунё тугамайдиган урушлар ва кучайиб бораётган зўравонлик гирдобига кириб қолади. Бирорта давлат бутун инсониятни таҳқирлаб, бўйсундира олмайди”, дейди у.
Прабово ўз нутқида Индонезиянинг мустамлакачилик давридаги тарихини ҳам эслатиб, Нидерландия мустамлакачилиги остида халқ қандай зулм кўрганини тилга олди.
“Биз ўз юртимизда итлардан ҳам паст кўрилдик. Шунинг учун адолатдан маҳрум бўлиш, апартеидда яшаш, қашшоқликда қолиш ва тенг имкониятлардан маҳрум бўлиш нимани англатишини яхши биламиз”, дейди Индонезия Президенти.
Фаластин маъмурияти маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил армияси Ғазода 65 мингдан ортиқ фаластинликни, асосан, аёллар ва болаларни ўлдирган. Тинимсиз бомбардимон ҳудудни яшашга яроқсиз аҳволга келтирган, очарчилик ва касалликлар тарқалишига олиб келган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзга чиқиб, Ғазодаги вазиятни кескин қоралаганди ва мамлакатларни Фаластинни тан олишга чақирганди. Шунингдек, у Ғазодаги очликдан азият чекаётган аёллар ва болаларнинг суратларини кўрсатиб, содир бўлаётган геноцид “жонли эфирда намойиш этилаётганини” айтди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида Украина ва Ғазода рўй бераётган воқеаларга тўхталиб, бу ҳаракатларга нуқта қўйиш кераклигини таъкидлаганди. Президент Ғазо секторидаги тобора ёмонлашиб бораётган гуманитар инқироз ҳақида гапирар экан, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирган.
Live
Барчаси