Макрон АҚШ ва Исроилни қўрқитиб қўймоқчи
Олам
−
21 Сентябрь 11975 2 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон БМТ Бош Ассамблеясида Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиш масаласи атрофида бир нечта давлатларни бирлаштириш орқали АҚШ ва Исроил сиёсатига қарши глобал мувозанат яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Макроннинг мақсади Вашингтоннинг Ғазо секторида Исроилни қўллаб-қувватлашига қарши глобал куч борлигини кўрсатиш ва тинчлик йўлида босимни кучайтириш. Дипломатларнинг айтишича, халқаро босим ортиши билан Исроилдан муайян ён беришлар олиш режаси ҳам мавжуд.
Хабарга кўра, БМТ Бош Ассамблеясида Франция, Буюк Британия, Канада, Португалия, Бельгия, Люксембург, Мальта, Андорра ва Австралия Фаластинни тан олишини эълон қилиши кутилмоқда. Бироқ Германия ва Италия бу ташаббусни қўллаб-қувватлашдан бош тортган, Буюк Британиянинг позицияси эса ҳозирча ноаниқ қолмоқда. Бу эса Европа Иттифоқида Яқин Шарқ сиёсати борасида тобора ортиб бораётган бўлинишни кўрсатади.
Нашр манбаларидан бири Макроннинг чоралари “ҳеч нарсани ўзгартирмайди” деб ҳисоблайди. Яна бир европалик дипломат эса: “Бу амалга ошмайди, АҚШ Исроилни қўллаб-қувватлаяпти ва Ғарбий Соҳилнинг аннекциясини тезлаштиряпти”, деган. Шунга қарамай, мақола муаллифлари Исроил янги ҳудудларни аннекция қила бошласа вазият ўзгариши мумкинлигини таъкидламоқда.
2025 йилнинг 9 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ўз ишини бошлади. Анъанага мувофиқ, сессия доирасида юқори даражадаги ҳафта ташкил этилади. Умумий сиёсий мунозаралар 23–29 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Маълумот учун, бугунги кунда БМТга аъзо 193 давлатдан 147 таси Фаластинни тан олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Фаластин давлатини шу ойги БМТ йиғилишларида тан олишни режалаштирмаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси