Сурия йил охиригача Исроил билан келишув имзолайди – ОАВ

Олам

image

Исроил ва Сурия 2025 йил охиригача бир қатор хавфсизлик келишувларини имзолайди. Бу ҳақда Сурия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига таяниб, “Agence France-Presse” (AFP) хабар берди.

“Исроил билан музокараларда тараққиёт кузатилмоқда. Йил охиригача бир қанча келишувларга эришилади, биринчи навбатда ҳарбий ва хавфсизлик соҳасида”, деган AFP манбаси.

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ҳам Дамашқда журналистларга Сурия ва Исроил ўртасидаги музокаралар хавфсизлик бўйича келишувга олиб келиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Исроил билан хавфсизлик бўйича бу музокаралар “зарур” ва “яқин кунларда” натижа бериши мумкин.

Аш-Шара потенциал келишув Исроил йиллар давомида бир неча бор бузган Сурия ҳаво ҳудуди хавфсизлиги ҳамда Суриянинг ҳудудий яхлитлигини ўз ичига олиши кераклигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, АҚШ Сурияга Исроил билан келишувга эришиш учун босим ўтказмаган, балки воситачи бўлган.

Аш-Шара, агар у имзоланса, хавфсизлик келишувининг бажарилишини назорат қилиш БМТ зиммасига юкланишини қўшимча қилди. Шу билан бирга, у икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича битим тузиш ҳозирча кўриб чиқилмаётганини билдирди.

Қайд этиш жоиз, Сурияда ўтиш даври ҳукумати 2024 йил 9 декабрда, Башар Асад режими қулаганидан сўнг тузилган эди. 2025 йил 29 январда мамлакатнинг энг юқори қонунчилик органи бўлган Халқ кенгаши тарқатиб юборилди ва Вақтинчалик қонунчилик кенгашига сайловлар эълон қилинди. 2025 йил 29 мартда биринчи ўтиш даври ҳукумати ўз фаолиятини якунлади ва унинг ўрнига янги ҳукумат тузилди. Ижро ҳокимиятини тўғридан тўғри президент бошқарадиган тизим жорий қилинди.

2 февраль куни Аҳмад аш-Шара Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга  миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди. Қолаверса, аш-Шара 11 апрель куни ҳам Туркиянинг Анталия шаҳрида Анталия дипломатия форуми доирасида (ADF 2025) Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашган эди.

7 май куни Суриянинг янги муваққат раҳбари ўзининг биринчи Европага ташрифини Франциядан бошлади ва мамлакат Президенти Эммануэль Макрон билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонида аш-Шара билан учрашган эди. Трамп учрашувдан сўнг уни “қаттиққўл инсон” ва “ўтмиши кучли жангчи” деб таърифлади. Трамп, шунингдек, Сурияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишини эълон қилиб, бунга асос сифатида “мамлакатга имкон бериш зарурати”ни кўрсатган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Исроил Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг