Мерц Германия Россия билан “можароли ҳолатда” эканини айтди

Олам

image

Германия канцлери Фридрих Мерц мамлакат Россия билан “можароли ҳолатда” эканини айтди. Бу ҳақда канцлер LCI телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

Мерцнинг иддао қилишича, Россия Германиянинг катта қисмини беқарорлаштиришга уринмоқда. У россияликлар ижтимоий тармоқлар орқали Германия ишларига аралашув операцияларини олиб бораётганини таъкидлади.

“Биз аллақачон Россия билан можаро ичидамиз”, дея таъкидлаган Германия канцлери. 

Унинг қўшимча қилишича, икки мамлатни можаро ҳолатигача Россия олиб келган ва барчасига россияликлар айбдор. 

“Россия Германиянинг катта қисмини ички ишларига аралашиш орқали беқарорлаштирмоқда”, деган Фридрих Мерц. 

Россия Президенти Владимир Путин эса азалдан Москванинг НАТО давлатларига ҳужум қилиш нияти йўқлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг бундай урушга киришиши учун “на геосиёсий, на иқтисодий, на сиёсий, на ҳарбий” сабаби йўқ.

Мерц 28 август куни Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашувда Россия ва Украина Президентларининг учрашуви бўлиб ўтмаслиги ҳақида гапирганди. Макрон агар бундай учрашув бўлмаса, Россияга қарши жавоб чоралари кучайтирилишини айтган.

Умуман олганда, канцлер тез-тез Россияга қарши баёнотлар бериб, уни урушни тўхтатишга чорлаб туради. Масалан, у 26 август куни Берлинда Канада Бош вазири Марк Карни билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида Россия Украина бўйича музокараларда эски услуби – вақтни чўзиш стратегиясини қўллаётгани ҳақида айтганди. Унга кўра, Москва Владимир Путин ва Владимир Зеленский учрашувини олдиндан белгиланган шартларга боғлаб, уни имконсиз ҳолатга келтирмоқда. Мерц бундай талабларни Германия ҳам, Украина ҳам мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблашини таъкидлаган. qalampir.uz/news/putin-vak-tni-chuzish-strategiyasini-k-ullayapti-merts-123350 Канцлернинг сўзларига қўшилган ҳолда Германия Ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль ҳам Владимир Путинга мурожаат қилиб, Украина бўйича музокараларни чўзмасликни талаб қилганди ва акс ҳолда Москвага нисбатан янги санкциялар жорий этилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Фридрих Мерц Россияни мамлакатнинг демократиясига аралашишда айблаганди. Унинг сўзларига кўра, Москва Германия демократиясига жуда кенг кўламда аралашмоқда, IT хавфсизлигига ҳужумлар уюштирмоқда, саботаж ва дезинформациялар тарқатмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Россия Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг