Германия Россияга жиддий айблов қўйди
Олам
−
27 Август 8667 2 дақиқа
Германия канцлери Фридрих Мерц Россияни мамлакатнинг демократиясига аралашишда айблади. Бу ҳақда у бугун, 27 август куни Мудофаа вазирлиги биносида бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, Москва Германия демократиясига жуда кенг кўламда аралашмоқда, IT хавфсизлигига ҳужумлар уюштирмоқда, саботаж ва дезинформациялар тарқатмоқда.
“Хавфсизлик масалалари бугун ҳукумат кун тартибининг энг юқори қаторида турибди. Бу Германия фуқароларига йўлланган сигнал, шунингдек НАТО иттифоқчиларимиз учун ҳам муҳим ишора”, деган канцлер.
У, шунингдек, Россиядан келаётган таҳдидларни асос қилиб, ҳукумат янги хавфсизлик бўйича қонун лойиҳалари пакетини тасдиқлаганини маълум қилган.
Ҳукумат тасдиқлаган хавфсизлик пакети бир нечта муҳим ташаббусларни ўз ичига олади. Хусусан, Германияда Миллий хавфсизлик кенгаши тузилиши, ихтиёрий ҳарбий хизмат тартиби белгиланиши ҳамда ҳарбий ҳисобга олишнинг янги қоидалари жорий қилиниши режалаштирилмоқда.
Янги тартибга кўра, 2026 йилдан бошлаб барча эркаклар мажбурий равишда, аёллар эса ихтиёрий равишда махсус анкетани тўлдиради. Бу орқали ҳарбий хизматга қизиқиш билдирган фуқаролар аниқланади ва улар саломатлиги бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади. 2027 йил 1 июндан эса барча 18 ёшли йигитлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтади, ҳатто улар ҳарбий хизматни танламаган тақдирда ҳам.
Маълумотларга кўра, бу чоралар Германиянинг НАТО олдидаги мажбуриятларини бажариши учун зарур. Чунки эҳтимолий можаро шароитида мамлакатда 460 минг аскар бўлиши керак. Ҳозир ҳудудда 183 минг ҳарбий хизмат қилмоқда, уларга 49 минг резервист (захирадагилар) қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль Россия Президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, Украина бўйича музокараларни чўзмасликни талаб қилганди ва акс ҳолда Москвага нисбатан янги санкциялар жорий этилиши ҳақида огоҳлантирганди. Вадефулнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Россияга босимни давом эттириши керак ва шу мақсадда 19-санкциялар пакети тайёрланмоқда.