2025 йилда энг бадавлат россияликларнинг бойлиги қарийб 24 млрд долларга ошди
Бу қизиқ
−
06 Январь 4410 2 дақиқа
2025 йил давомида Россиянинг энг бой бизнесменларининг умумий бойлиги 23,818 млрд долларга ошган. Бу ҳақда “Bloomberg” эълон қилган “Миллиардерлар индекси”да келтирилган.
“Bloomberg Billionaires Index” маълумотларига кўра, Россиядаги энг йирик темир рудаси ишлаб чиқарувчиси – “Металлоинвест” компанияси акциядори Алишер Усмонов ўтган йил давомида 6,04 млрд доллар даромад қилган ва унинг умумий бойлиги 19,3 млрд долларга етган. Урал тоғ-металлургия компанияси асосчиси Искандар Маҳмудовнинг бойлиги эса 4,75 млрд долларга ошиб, 7,88 млрд долларни ташкил этган.
Шу билан бирга, Telegram асосчиларидан бири Павел Дуров 2025 йилда 3,38 млрд доллар ишлаб топган ва унинг бойлиги 14,4 млрд долларга етган. Wildberries асосчиси ва RWB (Wildberries ва Russ қўшма компанияси) раҳбари Татьяна Ким 515 млн доллар даромад қилиб, унинг умумий бойлиги 7,89 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Энг катта йўқотишни бизнесмен Михаил Фридман кўрган – унинг бойлиги 4,7 млрд долларга камайиб, 10,1 млрд долларни ташкил этган.
Маълумот учун, “Bloomberg” 2012 йил март ойидан буён дунёнинг энг бой 500 кишисининг молиявий ҳолати ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган “Bloomberg Billionaires Index”ни эълон қилиб келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил якунида дунёнинг энг бой 500 нафар кишисининг умумий бойлиги рекорд даражадаги 2,2 триллион долларга ошгани ҳақида хабар берилган эди. Бунга акциялар, криптовалюталар ва қимматбаҳо металларни ўз ичига олган барча бозорлардаги жадал ўсиш сабаб бўлган ва уларнинг жами капитали 11,9 триллион долларга етган.