Россия ҳужумида Озарбайжон элчихонасига зарар етди – Баку
Олам
−
28 Август 2025 5204 2 дақиқа
Аввалроқ, Россия томонидан учирилган ракеталардан бири Киевда жойлашган Озарбайжон элчихонасидан атиги 100 метр нарига қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу портлаш оқибатида Озарбайжон элчихонаси зарарланди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “Oxu.Az” хабар берди.
Вазирликка кўра, портлаш Озарбайжоннинг Украинадаги элчихонасига яқин ҳудудда юз берган ва бинога зарба тўлқини ортидан зарар етган. Расмий хабарда айрим деразалар сингани, консуллик бўлими томида ёриқлар пайдо бўлгани айтилади. Шу билан бирга, ходимлар орасида талафот қайд этилмаган, дипломатик ваколатхона эса ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Украиналик журналист Денис Казанский ҳам ижтимоий тармоқларда зарбаларни тасвирловчи лавҳаларни улашиб, Россия ракетаси элчихонадан 100 метр нарига тушганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳодиса Озарбайжонга қарши аввалги ҳужумларнинг давомидир.
Умуман олганда, портлаш Озарбайжон элчихонаси яқинида илк бор рўй бермаяпти. Жорий йилнинг июль ойларида – Озарбайжон билан Россия орасидан ола мушук ўтганидан сўнг ҳам элчихона яқинидаги ҳудудга ракета ташланган эди. Жорий портлашни ҳам кўпчилик Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевнинг Россияга қарши қаратилган баёнотлари билан боғламоқда. Алиев яқиндагина “Al Arabiya” нашрига берган интервьюсида Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви учун масъул эмаслиги ва ҳеч қачон тажовуз ёки ҳурматсизлик белгиларига чидамаслигини таъкидлади.
Қайд этиш жоизки, Россия элчихонадан ташқари Украинадаги Озарбайжонга тегишли энергетика объектларини ҳам бир неча бор нишонга олган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 августга ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига бир нечта ракеталар йўллаганди. Россиянинг Киевни ўққа тутиши оқибатида тўрт киши, жумладан, 14 ёшли бола ҳалок бўлди, яна 30 га яқин киши жароҳатланди.
Live
Барчаси