Трамп куёви ва Тони Блэр билан Ғазо бўйича йиғилиш ўтказди
Олам
−
28 Август 2025 3238 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 27 август куни Оқ уйда Ғазодаги уруш ва урушдан кейинги режалар юзасидан сиёсий йиғилишга раислик қилди. Йиғилишда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр ва Трампнинг куёви, Яқин Шарқ бўйича собиқ вакили Жаред Кушнер ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Оқ уйнинг юқори мартабали расмийсига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.
Расмийнинг айтишича, Трамп Оқ уйнинг етакчи мансабдорлари, Блэр ва Кушнер билан озиқ-овқат ёрдамини кучайтириш режаси, урушдан кейинги масалалар ва бошқа мавзуларни муҳокама қилган. У йиғилишни “оддий сиёсат анжумани, Трамп ва унинг жамоаси тез-тез ўтказадиган турдаги йиғилишлардан бири” деб тавсифлаган.
Кушнер Трампнинг қизи – Иванкага уйланган ва Трампнинг биринчи президентлик муддатида Яқин Шарқ бўйича асосий маслаҳатчиси бўлган. Блэр эса 2003 йилги Ироқ уруши вақтида Британия бош вазири бўлиб, шу позицияси учун кенг танқидга учраган.
Трамп сайловолди кампаниясида Ғазодаги урушни тез тугатишга ваъда берган эди, бироқ президентликнинг иккинчи муддатидан етти ой ўтиб ҳам бу масала ҳал этилмади. Унинг янги муддати икки ойлик отишмалар тўхташи билан бошланган, аммо 18 март куни Исроил зарбаларида тахминан 400 фаластинлик ҳалок бўлгач, келишув бузилган.
Сўнгги пайтларда Ғазодаги очликдан азият чекаётган болаларнинг суратлари дунёда АҚШнинг иттифоқчиси бўлган Исроилга нисбатан қаттиқ танқид уйғотди.
Февраль ойида Трамп АҚШнинг Ғазони тўлиқ назоратга олиши ва фаластинликларни доимий равишда ҳудуддан кўчириш режасини таклиф қилган эди. Бу ғоя халқаро миқёсда қаттиқ қораланди ва Бирлашган Миллатлар ва ҳуқуқшунослар томонидан “этник тозалаш” деб баҳоланди. Мажбурий кўчириш халқаро ҳуқуққа кўра ноқонунийдир.
Трамп бу режани (сўнгги ҳафталарда оммавий равишда тилга олмаган) Ғазони “Яқин Шарқнинг Ривьерасига айлантириш” лойиҳаси сифатида тақдим этган. Бу ғоя Кушнернинг бир йил аввал айтган таклифини эслатди: " Ғазони фаластинликлардан бўшатиш ва уни денгизбўйи мулкига айлантириш".
“Financial Times” хабар беришича, Тони Блэр институти урушдан кейинги Ғазо режаси устида ишланган лойиҳада иштирок этган. Институт эса “урушдан кейинги қайта тикланиш режалари юзасидан турли гуруҳлар билан кўплаб мулоқотлар бўлгани, аммо уларнинг бирортасида аҳолини мажбурий кўчириш ғояси бўлмагани”ни маълум қилган.
Шунингдек, АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, Давлат котиби Марко Рубио Вашингтонда Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар билан учрашиб, Ғазо ва минтақавий масалаларни муҳокама қилган. Учрашувдан сўнг Саардан Фаластин давлатига доир режа ҳақида сўрашганда, у “бундай давлат бўлмайди”, деб жавоб берди. Шу пайтда айрим АҚШ иттифоқчилари яқин ҳафталарда Фаластин давлатини тан олиш режаларини эълон қилган эди.
2023 йил октябридан бери Исроилнинг Ғазога йўлга қўйган вайронкор ҳужумлари оқибатида 62 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди. Бу уруш очлик инқирозини келтириб чиқарди, бутун аҳолини ички кўчирди ва халқаро судларда геноцид ва уруш жиноятлари айбловларига сабаб бўлди. Исроил эса бу айбловларни рад этади.