Навоий ҳайкали бузилиши ортидан Дўстум ва қизи “Толибон”га таҳдид қилди (видео)

Олам

image

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида туркий ва форс мамлакатлари тарихида юксак ўрин тутган сиёсатчи ва шоир Алишер Навоийга қўйилган ёдгорлик ҳайкали бузилиши ортидан асли ўзбек бўлган Маршал Абдулрашид Дўстум ва қизи Роҳила Дўстум бу ҳаракатларни қоралаб чиқди. Улар бу борадаги фикрларини ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилган.

“Мозори Шариф шаҳрида Афғонистон ва минтақа тарихидаги сиёсатчи, олим ва шоир Амирул Калом, Амир Алишер Навоий ёдгорлигининг вайрон қилинганини алам ва афсус билан қабул қилдим. Мозори Шарифнинг асосчиларидан, шу билан бирга, бугунги Афғонистоннинг ва дунёнинг буюк инсонларидан бири бўлган кишига бундай муносабат чидаб бўлмас хўрликдир”, деган Маршал.

Шунингдек, у Алишер Навоийни сиёсати ва қалами юксак инсон сифатида баҳолаб, унинг ёдгорликларини йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларни “ақлсиз ва бемаъни иш” деб атаган ҳамда бундан жуда афсусда эканини билдирган. 

“Мен бу ишни ҳақоратли ва нафақат Афғонистон халқини, балки бутун дунёдаги ўзбекларни – туркийларни ҳам камситишга қаратилган ҳаракат белгиси деб биламан. Толибларнинг бу кечириб бўлмас ҳаракати менинг ва Ҳазрат Навоийнинг барча ошиқларининг қалбини қаттиқ ранжитди”, дея қўшимча қилган Дўстум.

2014 йилдан 2020 йилгача Афғонистоннинг собиқ вице-президенти бўлган Дўстум зудлик билан ёдгорликни реконструкция қилиш кераклигини, акс ҳолда Афғонистон халқи ва Навоийнинг издошлари жим турмаслигини ва “Толибон” эртами-кечми ўз қилмишлари учун пушаймон бўлишини таъкидлаган.

“Бу жирканч хатти-ҳаракатни халқимиз ҳеч қачон унутмайди, айбдорларни кечирмайди. Дунё халқларининг маданий меросини ҳимоя қилишга масъул бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фан ва Маданият ташкилоти (UNESCO)дан Афғонистондаги турк халқининг миллий ва халқаро шаънига қилинган ҳақоратларнинг жавобсиз қолмаслигини ҳис этиши учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилишини сўраймиз”, деган у.

Шундан сўнг Дўстумнинг қизи, собиқ сенатор Роҳила Дўстум ҳам ҳолатга муносабат билдириб, Навоий ҳайкалининг бузилишини “Толибон”нинг мамлакат маданий меросига душманлиги рамзи, ҳамда Афғонистондаги халқларнинг умумий ўзлигига хурмасизлик деб баҳолаган ва халқаро ҳамжамиятни “Толибон” ҳаракатига қарши муносабат билдиришга чақирган. Шунингдек, у бу ҳаракатни йирик шахсиятларга ҳақорат, халқларнинг умумий ўзлигига ҳурматсизлик ва маданий, тарихий ҳамда бадиий қадриятларга беписандлик деб таърифлади.

“Амир Алишер Навоий ҳайкалининг “Толибон” томонидан бузилиши жирканч ва маданиятга қарши қадам бўлиб, бу ҳаракат гуруҳнинг минтақа  тарихий ва цивилизация меросига душманлигини кўрсатади. Бундай ҳаракатлар фақатгина жамоатчиликнинг “Толибон”га нисбатан нафратини кучайтиради. Маданият аҳли бу ишни қоралаши ва инсоният меросини сақлаш учун амалий чора кўриши керак”, деган у.

Қайд этиш жоизки, аввалроқ Дўстум Афғонистонни амалда бошқараётган “Толибон” гуруҳини мамлакатни тарк этишга чақириб, акс ҳолда 2001 йил декабрь ойида унга содиқ кучлар томонидан ўлдирилган 2000 нафаргача “Толибон” аскарининг тақдири яна такрорланиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг февраль ойида Алишер Навоийнинг Мозори Шарифдаги ушбу ҳайкалига қисман зарар етказилган эди, ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ҳолатга муносабат билдириб, бу ишни “вандализм” деб атаган. Куни кеча бу ҳайкал бутунлай қўпориб ташланди, “Толибон” Ўзбекистонга бу ҳолатни ёдгорлик ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги билан оқлади ва тез орада ҳайкал қайта қурилишига ваъда берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон “Толибон” Маршал Абдулрашид Дўстум Роҳила Дўстум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг