Ўзбеклар афғонлаштириляптими?

Таҳлил

Собиқ иттифоқнинг “бўлиб ташла, ҳукмронлик қил” сиёсати доимо ўзини оқлаган. Ўзбекистондаги ўзбекларнинг ёнгинасида яна бир ўзбек халқи яшашини биласизми? Бизни Амударё иккига ажратиб туради. Улар билан бизни асрларнинг қаттол сиёсати айириб ташлади. Бу ерларни баъзида Жанубий Туркистон, деб ҳам аташади. Дарёнинг шимолий томонида мустақил Ўзбекистон ватандошлари яшаса, жанубий қирғоғида эса Афғонистондаги ўзбеклар – бир илдизли, бир тилда сўзлашувчи миллатдошлар истиқомат қилади.

Йиллар давомида улар бир-биридан узилган, шунга қарамай Афғонистондаги ўзбеклар тили, маданияти ва миллий ўзлигини, улар тилида айтадиган бўлсак, ўз фарҳангини сақлаб қолган. Афсуски, 2021-йилда “Толибон” ҳокимият тепасига келгач, афғон ўзбекларига бўлган муносабат кескин ўзгарди ва уларнинг ҳаёти янада мураккаблашди. QALAMPIR.UZ’га “Толибон” Афғонистондаги миллионлаб ўзбекларнинг маданий ва тарихий ўзлигини йўқ қилиш, уларни паштунлаштириш сиёсати суръатли равишда олиб борилаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар келмоқда. 

Таассуф билан шуни қайд этиш керакки, афғондаги бечора ўзбеклар у ерда “ўзбексан”, деб камситилса, Ўзбекистонга келишса “афғонсан”, деб чеккага сурилади. Агар кўча-кўйда Қодирийлар, Чўлпонлардек  тоза  ўзбек тилида гапираётган ажнабийни кўрсангиз, билинг у бизни миллатдош. Ўзбек! Ўз тақдири ҳақида гапириб бермоқчи бўлган ўзбеклар жуда кўп, аммо уларнинг аксарияти оила аъзолари Афғонистонда яшаётгани сабабли сукут сақлашга мажбур. Шундай бўлса-да, бир нечта миллатдошимиз билан бу мавзуда суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

2017 йилги расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Афғонистонда 3,5 миллиондан ортиқ ўзбек яшайди, норасмий манбаларга кўра эса уларнинг сони 10 миллиондан ҳам ортиқ. Республика даврида ҳукумат тепасида бўлган салмоқли ўзбек мулозимлар, губернаторлар, ўқитувчи, ёзувчи ва шоирлардан тортиб, демократик қарашда бўлган оддий ўзбеклар ҳам 2021 йилдан кейин қатағонга, сургунга учради. Бу жараён “Толибон”нинг миллатчилик руҳидаги биринчи ҳаракати эмас. Бу ҳақда минглаб маълумотлар топиш мумкин. Аввалроқ “Толибон” ўзбекларни оммавий равишда хавфсизлик кучлари сафидан чиқарди.

БМТ маълумотларига кўра, қўшинлар сонини камайтириш ҳақидаги буйруқ бевосита “Толибон” раҳбарияти томонидан берилган. Қобул расмийлари буни бюджет инқирози билан изоҳлаган бўлса-да, қисқартиришлар, асосан, ўзбеклар истиқомат қиладиган вилоятларда амалга оширилган. 

2023 йилда Мозори Шариф шаҳрида эса маҳаллий расмийлар томонидан тахминан 20 йил аввал қурилган Алишер Навоий ҳайкали бир неча бор яксон қилинди. Дастлаб, толиблар буни хаспўшлаб, бузғунчиликни маҳаллий аҳолига тўнкади, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов эса  бу ҳолатни “вандализм” деб атади.

“Афғонистонда буюк шоиримиз Алишер Навоий ёдгорликларига зарар етказилгани ҳақидаги хабарларни қайғу билан қабул қилдик. Ушбу масала юзасидан дипломатларимиз Афғонистон вакиллари билан боғланди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган муваққат ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмайди, номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросимизга зарар етказади. Афғонистон вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилдилар”, деб ёзган Бурхонов. 

2025 йилга келиб ёдгорлик бутунлай йўқ қилингани очиқчасига тан олинди. Ўзбек жамоатчилигининг кескин норозилиги ва ғазабидан сўнг “Толибон” бунга ҳам ажойиб баҳона топди. Нима эмиш, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмас, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган экан. Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган. Бундан ташқари, Афғонистондаги муваққат ҳукумат вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берган. Орадан ярим йил вақт ўтди, мажмуанинг ҳолатини аниқлаш мақсадида ҳайкал ўрнатилган жой кўздан кечирилганда. Ҳайкал жойлашган ҳудуд яшил латта билан ўралган, бироқ ичкарида қурилиш ишлари олиб бориляптими ёки йўқми бу номаълумлигича қолган. Шунингдек, бу ерда Навоий хотирасига бағишланган қандай мажмуа барпо этилаётгани ҳақида ҳам аниқ маълумот берилмаган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ёдгорлик аниқ барпо қилиниши, Афғон томони билан ушбу масалада келишилган ва бу келишув ўз кучида эканини билдириб, аммо мажмуа очилиш санаси ҳозирча номаълумлигини қистириб қўйди.

Бу ишлардан сўнг, Афғонистон давлат ва сиёсат арбоби, собиқ вице-президент, ўзбек аслли Маршал Абдулрашид Дўстум ва қизи Роҳила Дўстум “Толибон”га таҳдид қилиб, гуруҳ эртами-кечми ўз қилмишлари учун пушаймон бўлишини таъкидлади, Алишер Навоийни сиёсати ва қалами юксак инсон сифатида баҳолаб, унинг ёдгорликларини йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларни “ақлсиз ва бемаъни иш” деб атаган ҳамда бундан жуда афсусда эканини билдирди.

“Мозори Шариф шаҳрида Афғонистон ва минтақа тарихидаги сиёсатчи, олим ва шоир Амирул Калом, Амир Алишер Навоий ёдгорлигининг вайрон қилинганини алам ва афсус билан қабул қилдим. Мозори Шарифнинг асосчиларидан, шу билан бирга, бугунги Афғонистоннинг ва дунёнинг буюк инсонларидан бири бўлган кишига бундай муносабат чидаб бўлмас хўрликдир. Мен бу ишни ҳақоратли ва нафақат Афғонистон халқини, балки бутун дунёдаги ўзбекларни – туркийларни ҳам камситишга қаратилган ҳаракат белгиси деб биламан. Толибларнинг бу кечириб бўлмас ҳаракати менинг ва Ҳазрат Навоийнинг барча ошиқларининг қалбини қаттиқ ранжитди”, деган Маршал. 

Шундан сўнг Дўстумнинг қизи, собиқ сенатор Роҳила Дўстум ҳам ҳолатга муносабат билдириб, Навоий ҳайкалининг бузилишини “Толибон”нинг мамлакат маданий меросига душманлиги рамзи, ҳамда Афғонистондаги халқларнинг умумий ўзлигига хурмасизлик деб баҳолаган ва халқаро ҳамжамиятни “Толибон” ҳаракатига қарши муносабат билдиришга чақирган. Шунингдек, у бу ҳаракатни йирик шахсиятларга ҳақорат, халқларнинг умумий ўзлигига ҳурматсизлик ва маданий, тарихий ҳамда бадиий қадриятларга беписандлик деб таърифлади.

“Амир Алишер Навоий ҳайкалининг “Толибон” томонидан бузилиши жирканч ва маданиятга қарши қадам бўлиб, бу ҳаракат гуруҳнинг минтақа тарихий ва цивилизация меросига душманлигини кўрсатади. Бундай ҳаракатлар фақатгина жамоатчиликнинг “Толибон”га нисбатан нафратини кучайтиради. Маданият аҳли бу ишни қоралаши ва инсоният меросини сақлаш учун амалий чора кўриши керак”, деган у. 

Қолаверса, 2025 йилнинг июнь ойида Абдулрашид Дўстум билан алоқадорликда гумон қилиниб кўплаб ўзбеклар Эрондан олиб келиниб қатл қилинди, 2021 йилда Туркияга қочган Дўстум жаноблари эса, бу сафар толибларга қарши ваъз ўқишдан буёғига ўтмаяпти. У Афғонистонни амалда бошқараётган “Толибон” гуруҳини мамлакатни тарк этишга чақириб, акс ҳолда 2001 йил декабр ойида Дашти-Лайлида унга содиқ кучлар томонидан ўлдирилган 2000 нафаргача “Толибон” аскарининг тақдири яна такрорланиши мумкинлигини таъкидлади.

“Эртага яна бизни айблаб, “Дашти-Лайлида нима бўлди?”, демасинлар. Ҳозир на Трамп, на Путин ва на Афғонистон қўшнилари “Толибон”га ишоняпти. Халқ ишончи комил бўлсин – “Толибон” қандай келган бўлса, шундай кетади. Бу ҳазил эмас”, деган у. 

Маълумки, 2001 йилда “Толибон”нинг биринчи ҳукмронлиги тугаши арафасида, уларнинг катта гуруҳи Жузжон вилоятидаги Шибирғон шаҳри яқинида жойлашган Дашти-Лайлида ҳаво ўтказмайдиган металл идишларда ўққа тутилган ёки бўғиб ўлдирилган ва оммавий қабрларга кўмилган. 2021 йилда “Толибон” яна ҳокимиятга келгач, қурбонлар ётган оммавий қабрлар атрофига девор қуриб, мақбара барпо этди. 

2025 йилнинг ноябрь ойига келиб “Толибон” мамлакатдаги ўзбекларга қарши навбатдаги кампанияни бошлади. Туркий халқлар энг зич яшаган, аҳолининг ярмидан ортиғини ўзбеклар ташкил қилувчи Жузжонда университет пештоқларидан араб алифбосига асосланган ўзбек тилидаги ёзув қўпориб ташланди. Бу ҳолат кенг норозиликларга сабаб бўлиб, бир муддат ўтгач, “Толибон” расмийлари ўзбек тилини қайта киритишга мажбур бўлди.

Энди эса, жорий йилнинг 2 январь куни мамлакатнинг ўзбеклар энг кўп яшовчи шимолида жойлашган Саманган университети пештоқидан ўзбек тилидаги ёзув олиб ташланди. “Толибон” тахминан тўрт кун аввал эски лавҳани олиб ташлаб, ўзбек тилини чиқариб ташлаган ҳолда қайта ўрнатган. 

Маршал Абдулрашид Дўстум Саманган университети лавҳасидан ўзбек тилининг олиб ташланишини “Толибон”нинг ўзбек тили ва маданиятига қарши очиқ душманлик ҳаракати деб баҳолади ва ҳеч бир куч бу тилни мамлакатнинг маданий ва ижтимоий тузилишидан олиб ташлай олмаслигини айтди. 

Фарёб вилоятининг собиқ ҳокими Нақибулло Фоиқ эса бу ҳолатни “қабилачиликка асосланган” деб баҳолаб, бундай ҳаракатлар мамлакатда этник ва тилга оид адоватни кучайтиришини айтган. Саманган олий таълим муассасасининг эски пештоқи ҳақида сўз юритар экан, университет ўқитувчиси Муҳибулло Муҳиб муассаса университет мақомини олганидан сўнг, “Толибон”нинг олий таълим вазирлиги буйруғи билан лавҳа ўзгартирилганини ёзган. Унинг таъкидлашича, вазирликнинг расмий хатига асосан, пештоқда ўзбек тилини киритиш таклифи қабул қилинмаган. Аввалги лавҳа тўрт тилда – пушту, форс, ўзбек ва инглиз тилларида бўлган.

Сўнгги тўрт йилдан ортиқ вақт давомида “Толибон” бир неча бор ўзбек ва туркман тилларини чеклаш ҳамда бу тилларда сўзлашувчиларга босим ўтказишда айбланиб келмоқда. Шу даврда давлат идораларидаги ўзбекча лавҳалар олиб ташланган, шунингдек, туркийзабон шоир ва адибларга оид ёдгорлик ва тасвирлар ҳам вандализмга учраган. 

Агар бундай ҳолат рус тили билан содир бўлса, Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова “дунёга ўт қўйишини” биламиз, хўш, Ўзбекистончи? QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов Афғонистондаги вазиятни доимий равишда ва диққат билан кузатиб борилаётганини урғулади. Унга кўра, ўзбек тилига қўйилиши мумкин бўлган ҳар қандай чекловлар жиддий хавотир уйғотади. 

“Ўзбек тилининг қўлланишига нисбатан эҳтимолий ҳар қандай чекловлар бизда табиий ташвиш уйғотади. Шу муносабат билан Афғонистон томони билан мазкур масалалар юзасидан мунтазам мулоқот олиб борилмоқда”, дейди у. 

Бурхоновга кўра, Афғонистон томони ўз навбатида ўзбек тилидан фойдаланишга нисбатан ҳеч қандай чекловлар жорий этилмаганини ва келгусида ҳам бундай чоралар кўрилмаслигини маълум қилди. Шунингдек, улар Ўзбекистон Республикасига, ўзбек тилига ва ўзбек халқига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканликларини таъкидламоқда.

Воқеалардан бир неча кун ўтиб, кеча, 6 январь куни “Толибон” Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари билан бўлган суҳбатда Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида, жумладан Саманган университетида ўзбек тилига нисбатан ҳеч қандай чеклов жорий этилмаслигини маълум қилди. 

Афғонистон расмийлари ўзбек тилидан фойдаланишга чекловлар йўқлигини таъкидлаб, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар ягона стандарт асосида тартибга солинаётганини билдирган. Шунингдек, Саманган университетида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида берилиши белгиланган.

Қолаверса, жорий йилдан Жоузжон давлат университетида “Ўзбек тили ва адабиёти” магистратура йўналишини очиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Бугун гап фақат бир ҳайкал ёки бир лавҳа ҳақида эмас. Гап – бутун бир халқнинг хотираси, тили, маданияти ва тарихий ўзлигини сақлаб қолиш ҳақида кетмоқда. Чунки тил йўқолса, миллат сўнади.

Агар Афғонистонда ўзбек тилига қаратилган бу каби ҳаракатлар давом этса, бу фақат бир этник гуруҳга нисбатан эмас, балки бутун минтақанинг тарихий ва маданий мувозанатига нисбатан қатағон бўлади. Бундай сиёсат эса ҳеч қачон барқарорлик олиб келмаган, келтирмайди ҳам.

Амударё халқларни жўғрофий жиҳатдан айирган бўлиши мумкин, аммо тарих, тил ва миллий хотирани ҳеч қандай дарё, ҳеч қандай режим ва ҳеч қандай зўравонлик ажрата олмайди. Савол эса очиқ қолмоқда: агар бошқалар ўз тили ва маданиятига тажовузни “қизил чизиқ” деб билса, нега бизники шунчаки кузатув даражасида қолиб кетмоқда?

Ушбу материални тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Навоий “Толибон” Амударё Мозори Шариф Аҳрор Бурхонов Абдулрашид Дўстум Жанубий Туркистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг