Жапаров Путинга Украина бўйича Қирғизистон позицияси қандайлигини айтди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин бугун, 18 август куни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Телефон суҳбатида томонлар Президент Путин ва АҚШ етакчиси Дональд Трампнинг Аляскадаги музокаралари якунлари юзасидан фикр алмашди. Садир Жапаров Россия-Америка саммити ишончни мустаҳкамлаш ва глобал кескинликни пасайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, у Қирғизистон томони Россия ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг эришилган даражаси Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишига ишончи комил эканини айтди.

“Қирғизистон Евроосиё марказида жойлашган ва минтақавий интеграция бирлашмалари фаолиятида фаол иштирок этаётган давлат сифатида минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратади ва Россия билан барқарор ривожланиш манфаатлари йўлида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлайди”, деган Жапаров.

Якунда томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан келгусида фикр алмашиш муҳимлигини қайд этди.

Маълумот учун, 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида Трамп ва Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Тошкент вақти билан 16 август куни соат 04:25 да якунланди. Аляскада бўлиб ўтган музокаралар якунида Трамп ва Путин биргаликдаги матбуот анжуманида қатнашди.

Матбуот анжуманидан олдин Путин ва Трамп “учга-уч” форматида тахминан 2 соат 45 дақиқа давом этган музокаралар ўтказди. Трамп кўплаб масалалар бўйича келишувга эришилганини таъкидлади, бироқ Украина масаласида ҳали битим йўқлигини қайд этди. Путин эса музокараларни фойдали, деб атаб, Россия Украинага хавфсизлик бўйича ишлашга тайёрлигини билдирди. Давлат раҳбарлари журналистларнинг саволларига жавоб бермади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганди. Ўзбекистон раҳбари ҳам эришилган келишувларни қўллаб-қувватлаб, Украина атрофидаги вазият тез фурсатда тартибга солинишига умид билдирганди.

Президент Мирзиёевдан олдин Кремлга қўнғироқ қилган Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Путиннинг Анкориждаги учрашувини Украина бўйича энг юқори даражадаги музокаралар жараёнининг бошланиши сифатида қўллаб-қувватлаганди. Тўқаевнинг фикрича, бу тарихий саммит икки мамлакат лидерларининг сиёсий ирода ва соф нияти туфайли бўлиб ўтган. Улар замонавий дунёдаги муҳим муаммолар, жумладан Украинадаги урушни тўхтатиш масаласида келишишга тайёр эканини кўрсатган. 

Шунингдек, 18 август куни Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан гаплашди. Имомали Раҳмон ҳам Украинадаги инқирозни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга қаратилган қадамларни қўллаб-қувватлаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг