Миллатчиликнинг митти қурбони ёхуд Россия империализм ғояларига тутилган ойна
Таҳлил
−
18 Декабрь 2276 8 дақиқа
Узоқларда мусофирнинг кунига ким яраган?
Уёқларда мусофирнинг кўнглига ким қараган?
Бир мезбон бу, меҳмонини талагани талаган,
Биз Дастурхон тортадурмиз, улар ханжар, Қобилжон!
Қозоқ, қирғиз, туркман, тожик – бир оила, аҳоли,
Қорақалпоқ, озар, ўзбек – онанг каби аҳволи.
Ичи қора сиёсатнинг мева берди ниҳоли,
Ким ўйлабди илк ҳосили сенга маҳтал, Қобилжон!
Бу мисралар Экрин Бозоров қаламига мансуб ва шу кеча-кундузда Россиядаги тожикистонлик мигрант оиланинг 10 яшар бола Қобилжоннинг қони билан ёзилди, таъбир жоиз бўлса.
Россиядаги мактаблардан бирида содир бўлган ҳужум бутун Россия ва Марказий Осиё жамоатчилигини ларзага солди. 15 ёшли рус миллатига мансуб ўсмир бошқа миллат вакилларига ҳужум қилиб, уларни ўлдиришни ният қилган эди. Оқибатда 10 ёшли Тожикистон фуқароси Қобилжон Алиев миллатчилик қурбони бўлди. Ушбу воқеа нафақат бир оиланинг фожиаси бўлди, балки бутун дунё кўз ўнгида миллатчиликнинг душмани ниқобини тақиб, аслида эса халқининг қон-қонигача миллатчилик ғояларини, нарцистликнинг энг тубан кўринишларини сингдириб бораётган, буни сиёсат даражасида бажараётган ҳозирги Ҳукуматнинг юзини очиб ташлади. Ҳа, бу бугунги Россиянинг юзи. Афсуски, унинг асл башараси 10 яшар Қобилжоннинг қурбон бўлиши орқали очилмоқда. Очилмоқда, дейишга эрта, тарихга ёзилмоқда. Таассуфки, ҳали не-не қурбонлар берилмайди, дейсиз... Қобилжон ё бошланиши, ё навбатдагиси, холос.
Ўзи нима бўлди?
2025 йилнинг 16 декабрь куни тонгда Москва вилоятининг Горки-2 посёлкасида жойлашган “Успенская” умумтаълим мактабида мудҳиш воқеа содир бўлди. 15 ёшли ўсмир пичоқ ва кўзни ачиштирувчи газ билан аввал мактаб қўриқчисига, сўнг тўртинчи синф ўқувчисига ҳужум қилди. Оқибатда 10 ёшли ўқувчи ҳаётдан кўз юмди, яна бир неча киши жароҳат олди.
Қотиллик қандай юз берди
Воқеа жойида олинган видеоларда ҳужумчининг мактаб биносига кириб келгани ва қўлида пичоқ билан ўқувчиларга яқинлашгани кўринади. У ўқитувчи ва ўқувчилар гуруҳига қараб: “Қайси миллатга мансубсиз?”, деб сўраган. Кейин қўриқчи яқинлашганда ўсмир аввал кўзни ачиштирувчи газни унинг юзига пуркаган, сўнгра пичоқ билан ҳужум қилган. Кейин у болаларга қараб югуриб, қочмоқчи бўлган болакай, 4-синф ўқувчиси – тожик милллатига мансуб 10 яшар Қобилжоннинг ортидан қувиб, унга бир неча марта пичоқ санчган. Бола воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Энг ачинарлиси, бу жирканч воқеа ўсмирнинг ўзи томонидан суратга олинган ва ижтимоий тармоқлардаги шахсий каналига жойланган.
Аслида эса 9-синф ўқувчисининг нишони математика ўқитувчиси – 29 ёшли Мария бўлган. У ҳодисани содир қилган ўсмирнинг синфида ўриндош ўқитувчи бўлиб, унга яхши ўзлаштирмагани учун мунтазам равишда танбеҳ бериб келган.
Нафрат ғоялари таъсиридаги ўсмир
Қотилликни содир этган ўсмир бегона эмас, у ҳам шу мактабнинг 9-сиинфида таҳсил олган Тимофей. У ҳужумга бир неча кун давомида тайёргарлик кўрган. Шу вақт ичида “Менинг ғазабим” номли 11 бетлик манифесто ёзган ва синфдошларига юборган. Манифесто матнида жамиятга ва бошқа миллат ва дин вакилларига нисбатан нафрат қайд этилган. У жамиятдан нафратланишини ёзиб, одамларни “биочиқинди” деб атаган. Муаммоларда эса мусулмонларни, LGBT’ни, яҳудийларни, антифашистларни, либералларни ва мухолифатчиларни айблаган. 15 яшар болада бунча нафрат қайдан?
Ҳужумнинг расмий сабаблари ҳозирча эълон қилинмаган. Оператив хизматлар маълумотларига кўра, ўсмир “деструктив ёшлар оқими” аъзоси бўлиши мумкин.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, қотилликдан сўнг ўсмир ўзининг 10 ёшли қурбони фонида селфи олган. Унинг футболкасида “No Lives Matter (Ҳеч қайси ҳаёт муҳим эмас)” ёзуви бўлган. Бу онлайн гуруҳ мизантропик ғояларни тарғиб қилади, зўравонлик, террор ва инсониятни йўқ қилиш тарафдори ҳисобланади.
Гуруҳнинг асосий тамойиллари – радикал нихилизм ва антигуманизм. “No Lives Matter” номи эса “Black Lives Matter (Қора танлиларнинг ҳаёти муҳим)” ҳаракатига ишора сифатида ишлатилган. Бу ҳаракат АҚШда ирқий адолатсизлик ва қора танли одамларга нисбатан зўравонликларга қарши кураш сифатида вужудга келган. Улар мақсади – ирқий тенгликни тарғиб қилиш ва қора танлларнинг ҳаётини қадрлашни жамиятга эслатиш.
Ўсмирнинг бошидаги шлемда америкалик неонацист Дилан Руфдан олинган иқтибос бор эди. Руф 2015 йилда АҚШнинг Charlestondagi черковида тўққиз нафар қора танлини ўлдирган. Шлемдаги ибора шундай эди: “Буни мен қилишимга тўғри келди, чунки кимдир нимадир қилиши керак эди”.
Ижтимоий тармоқларга сиздирилган яна бир видеода Тимофей синфхоналардан бирига кириб, “ўзи исмини эслай олмаган, қорамтир” ўқитувчининг бугун келган-келмаганини сўраган. Ўсмир ўқитувчининг саволига: “Мен барибир умрбод қамоқда ўтираман. Википедияда ўқийсиз”, дея жавоб қайтарган.
Тергов жараёни
Ҳозирда Тимофейнинг содир этган қотиллиги юзасидан тергов жараёни олиб борилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз айбини тан олган. Расмийлар ўсмирнинг психологик ҳолатини ҳам текширади. Ҳужум бўйича Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик), 30-моддасининг 3-қисми (жиноятга тайёргарлик ва қотилликка уриниш) ва 105-моддасининг 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ҳалок бўлган бола ва унинг оиласи
Қобилжон Алиев Тожикистон фуқароси бўлган. Унинг отаси вафот этган, онаси эса айнан ўғли ўқийдиган мактабда фаррош бўлиб ишлаган. Боланинг акаси ҳам шу мактабда ўқиган.
Қобилжон Алиевнинг фожиавий вафоти нафақат Марказий Осиёда, балки бутун МДҲ, Туркий дунё ва халқаро майдонда муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Аксарият зиёлилар, сиёсатчилар, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари ушбу воқеада бевосита сиёсатни ва Путин Россиясининг ғоявий тарғиботини айбламоқда. Шунингдек, масалани чуқур таҳлил қилаётганлар орасида Тожикистондаги сиёсий муҳит, узоқ йиллардан буён давом этаётган бошқарув, непотизм, коррупция ва ишсизлик муаммоларини фожианинг чуқур илдиз отган асосий сабаби сифатида кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас.
Федерация Ички ишлари вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил ўрталарига келиб, Россияда тахминан 6,2 миллион мигрант рўйхатдан ўтган. Расмий хабарномаларга кўра, Россияда 1 миллиондан ортиқ тожикистонлик мигрант бор, аммо таҳлилчилар тожикистонликлар аллақачон 3 миллиондан ошганини айтади. Мавжуд қонунчиликка биноан Тожикистон фуқаролари Россия ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан (15 кун) узоқ муддат бўлиш, шунингдек, уч йилгача патент олиш имкониятига эга. Тожикистон Россия паспортини олган фуқаролар сони бўйича МДҲда етакчилик қилади. 2022–2023-йилларда ҳар йили 170 000 дан ортиқ одам Россия фуқаролигини олган.
Россия Президенти Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан мулоқотларда мигрантлар масаласини кўтармаса ҳисобмас, у доим гап аввалида Тожикистон Президентига Россияда қанча тожикистонлик ишлаётганини эслатиб, уларнинг тақдири ҳақида ўйлаш устувор масала эканини қистириб ўтади.
Аслида тожикистонликларга нисбатан бундай муносабат Россияда бугун бошлангани йўқ. Ўзи умуман, Марказий Осиёдан борганлар биринчи марта оёқости қилинмаяпти. Қирғизлар чўмилаётган ҳаммомгача кириб борилади, ўзбеклар концерт томоша қилаётган ресторандаги базм махсус рейдга айланиб кетади, мигрантлар эмаклатилади. Нега? Сиёсат шуни хоҳлайди. Ҳа, айнан сиёсат бошидагилар бу халқларни доим эзишни, русларга хизмат қилаётганини эслатиб туришни хоҳлайди. Сиёсатчилари телевидение эфирига чиқиб, бу халқлар аввал бўлмаган, уларнинг ерларини қўшиб олиш керак, бу ерларни, бу чегараларни уларга буюк СССР берган деса, оддий такси буюртма қилган йўловчиси ҳам такси ҳайдовчисини қулсан, деб ҳақоратлайди. Марказий Осиё давлатлари нима қилади? Нари борса, Ташқи ишлар вазирликлари даражасида сал андиша билан эътирозча билдиради.
Ҳа, боя айтганимдек, бу тожикистонликларга нисбатан нафратнинг илк намунаси эмас. Ёдингизда бўлса, 2024 йилнинг 22 март куни Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига қилинган ҳужум 149 киши қурбон бўлди. Воқеа ортидан ҳужумни тожикистонликлар амалга оширгани айтилди, суд бошланди, давом этмоқда, тожикистон фуқароси Шамсиддин Фаридуни айбига иқрор бўлди. Ўшандан кейин бошланди ҳаммаси, аслида бор эди, асос қилиб олинди, холос.
Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар
Ушбу аянчли воқеа Тожикистон ва Россия ўртасида дипломатик даражада кескин муносабатларга сабаб бўлди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини чақириб, расмий протест ва холиc тергов талаб қилувчи нота топширди. Улар воқеанинг миллий нафрат асосида содир этилгани эҳтимолига эътибор қаратди ва терговнинг шаффоф бўлиши исташини билдирди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги бунга жавобан инсон ҳаёти ҳар қандай миллат ва фуқароликдан қатъий назар энг юқори қадриятларга эга эканини таъкидлаб, терговда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. Расмийлар, ўз навбатида, Тожикистон билан стратегик шерикликни қадрлашини ва воқеани холиc тергов қилишга ҳаракат қилишини маълум қилган.
Қобилжон Алиев 18 декабрь куни Россиядан Тожикистонга олиб келинди, Шаҳринав туманидаги Аджам қишлоғидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди. Унинг жанозасини Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулкодирзода ўқиди.
Тожикистонлик оиланинг, ёлғиз муштупар онанинг боласи Қобилжон Алиев билан содир бўлган воқеа исталган мигрант бўлиши мумкин эди. Унинг эҳтимоли бартараф эмас. Аммо бугун нафақат Қобилжон, балки жамики оналар кўз ёш тўкмоқда. Жирканч сиёсатга лаънат ўқимоқда.
Дастурни яна Эркин Бозоровнинг мисралари билан якунлашга қарор қилдик:
Ўз укангни асраб қолди қалбингдаги шаҳд сенинг, Акалигинг тақдир экан ва жонингга қасд сенинг. Ўзин оға санаганлар товонингда паст сенинг, Қўрқоқ азал дўстга ортдан пичоқ санчар, Қобилжон.
Live
Барчаси