Мирзиёев Путин билан гаплашди
Жамият
−
17 Август 2025 8768 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 17 август куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда халқаро ва икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Россия Президенти Мирзиёевга 15 август куни Анкориж шаҳрида ўтган Россия-АҚШ саммитининг асосий натижалари тўғрисида маълумот берди.
Ўзбекистон раҳбари эришилган келишувларни қўллаб-қувватлаб, Украина атрофидаги вазият тез фурсатда тартибга солинишига умид билдирди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги суръатини сақлаб қолиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия корхоналарининг устувор кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чоралар кўриш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Маълумот учун, 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида Трамп ва Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Тошкент вақти билан 16 август куни соат 04:25 да якунланди. Аляскада бўлиб ўтган музокаралар якунида Трамп ва Путин биргаликдаги матбуот анжуманида қатнашди.
Матбуот анжуманидан олдин Путин ва Трамп “учга-уч” форматида тахминан 2 соат 45 дақиқа давом этган музокаралар ўтказди. Трамп кўплаб масалалар бўйича келишувга эришилганини таъкидлади, бироқ Украина масаласида ҳали битим йўқлигини қайд этди. Путин эса музокараларни фойдали, деб атаб, Россия Украинага хавфсизлик бўйича ишлашга тайёрлигини билдирди. Давлат раҳбарлари журналистларнинг саволларига жавоб бермади.
Эслатиб ўтамиз, 27 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Минскдаги Евросиё иқтисодий иттифоқи саммити доирасида учрашув ўтказганди. Россия ОАВларига кўра, ўшанда икки мамлакат раҳбари Украинадаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Бундан ташқари, 8 июль куни Мирзиёев ва Путин телефон орқали гаплашганди.
Президент Мирзиёевдан олдин Кремлга қўнғироқ қилган Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Путиннинг Анкориждаги учрашувини Украина бўйича энг юқори даражадаги музокаралар жараёнининг бошланиши сифатида қўллаб-қувватлаганди. Тўқаевнинг фикрича, бу тарихий саммит икки мамлакат лидерларининг сиёсий ирода ва соф нияти туфайли бўлиб ўтган. Улар замонавий дунёдаги муҳим муаммолар, жумладан Украинадаги урушни тўхтатиш масаласида келишишга тайёр эканини кўрсатган.
Live
Барчаси