Автомобиль томида мушакбозлик қилган шахс 7 суткага қамалди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида автомобиль томига чиқиб, мушак отган 21 ёшли йигит 7 суткага қамалди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2004 йилда туғилган шахс Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ҳаракатланаётган автомобиль томига чиққан ва пиротехника воситаларидан фойдаланган. Бу эса йўлдаги бошқа ҳаракат иштирокчиларининг норозилигига сабаб бўлган.

Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари амалга оширилиб, ҳайдовчи ва бу ишларни қилган фуқаро аниқланган.

“3 август куни тоғдан қайтаётганимизда машинани устига чиқиб, “салют” отдим. Буни ўзим тушундим, ЙҲХХ ходимлари ҳам тушунтирди. Ишимиздан пушаймонмиз. Бошқа қайтарилмайди”, дейди автомобиль томига чиққан шахс.

Мазкур ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан йўловчининг ҳаётини хавф остига қўйгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12810-моддаси (йўл безорилиги) билан, йўловчига эса жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимагани, йўл тартибини бузгани ҳамда пиротехника воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдалангани учун 183-модда (майда безорилик) ва 1851-модда (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, ишга доир ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман судига юборилган.

Суд қарори билан 2004 йилда туғилган фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 1851-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, транспортни бошқарган ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12810-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, 1 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида жаримага тортилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ машинасининг олд капотига ҳимоя плёнкасини ёпиштириб, унинг ичига сув тўлдириб, балиқларни солган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари – 1 миллион 125 минг сўм миқдорида жаримага тортилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент мушакбозлик Юқори Чирчиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг