Трамп ҳурмат қилган собиқ президент уй қамоғига олинди
Олам
−
05 Август 2025 9193 2 дақиқа
Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонаро Бразилиядаги уйида уй қамоғига олинди. Унга мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган ва фақат чекланган миқдордаги одамлар билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга. Бундай қарор кеча, 4 август куни Бразилия Олий суди судьяси Александр де Мораес томонидан қабул қилинди.
Мораес ҳукмни 3 август куни Болсонаро онлайн ҳавола орқали тарафдорларига мурожаат қилгани, нутқдан парчалар ижтимоий тармоқларда эълон қилингани билан асослади. Судья буни суд ҳокимиятига босим ўтказишга уриниш деб ҳисоблади.
Бразилиянинг 70 ёшли собиқ президенти 2022 йилги сайловларда ғалабани илиб кетган ўз вориси Луиз Инасиу Лула да Силва ҳукуматини ағдаришга уринганликда айбланмоқда. 2023 йил 8 январда Болсонаро тарафдорлари Лула лавозимга киришганидан кўп ўтмай, Конгресс, Олий суд ва Бразилиядаги президент саройига бостириб кирди.
Жорий йил 19 июль куни Болсонарога электрон билагузук берилди, тунда уйда қолиш буюрилди ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди.
Болсонарога қарши суд жараёни якуний босқичга кирди. Собиқ президент “демократик ҳуқуқий тартибни бузишга уриниш”да айбланмоқда. Сиёсатчининг ўзи барча айбловларни рад этади.
Жорий йил 30 июль куни АҚШ ҳукумати Болсонарони сиёсий таъқиб қилишда айблаб, судья Мораесга қарши санкциялар киритди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Трамп ўзининг Truth Social платформасида Бразилияга 50 фоизлик бож ставкалари қўллаш билан таҳдид қилган эди. У бу қарорни Бразилиядаги собиқ президент Жаир Мессиас Болсонаруга қарши суд иши билан боғлаган. Трамп Болсонаруни ўзининг иттифоқчиси деб билади ва унга нисбатан олиб борилаётган судни адолатсизлик деб атаган. Бразилиянинг амалдаги Президенти Луис Инасиу Лула да Силва эса бунга жавобан Трамп фақатгина АҚШ Президенти экани, у дунё императори эмаслигини айтди.