Ғазога кунига 700 тагача гуманитар юк машинаси кириши керак – Абдулфаттоҳ ас-Сиси

Олам

image

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Ғазо секторида гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун ҳар куни 600-700 юк машинасида ёрдам етказилиши кераклигини таъкидлади. Президентнинг бу ҳақдаги сўзларини “Sky News Arabia” телеканали келтирди.

Ас-Сисининг айтишича, Миср Ғазо билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали ёрдам етказилишига тўсқинлик қилмаяпти, аммо бу ёрдам узлуксиз етиб бориши учун Рафаҳ пункти Ғазо томонидан ҳам очиқ туриши зарур.

Президент, шунингдек, Миср ҳудудида Ғазо аҳолиси учун мўлжалланган кўплаб ёрдам юклари тайёр ҳолатда тургани, исталган пайтда сектор ҳудудига киришга шай эканини билдирган. 

Миср етакчиси араб мамлакатлари, Европа Иттифоқи ва АҚШни, хусусан, АҚШ Президенти Дональд Трампни урушни тўхтатиш ва Ғазо аҳолисига тезкор ёрдам кўрсатиш учун барча имкониятларни сафарбар этишга чақирган. 

Ас-Сиси Трампга бевосита мурожаат қилиб, уни “салоҳият ва нуфузга эга етакчи” сифатида қадрлашини айтиб, “Ғазодаги урушни тўхтатиш ва ёрдам етказиш учун барча чораларни кўришга” даъват этган. Унинг сўзларига кўра, “бу урушга нуқта қўйиш вақти келди”.

Маълумот учун, Ғазо секторида ҳозирги гуманитар вазият ниҳоятда оғир. Ҳар куни камида 100 та юк машинаси гуманитар ёрдам етказилиши лозим, лекин амалда бу кўрсаткич 60 тагача тушиб қолмоқда.

Исроил томони айрим ҳудудларда жанговар ҳаракатларни вақтинча тўхтатишга розилик берди, бу ёрдам етказилиши учун имкон яратмоқда. Айниқса Ғазо шаҳри, Дайр ал-Балаҳ ва Ал-Маваси ҳудудларида кунига 10 соатлик “тактик паузалар” эълон қилинди. Бироқ бу чоралар аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қондира олмаяпти. Ўзини сақлаб қолишга уринаётган аҳоли кўпчилик жойларда ёрдам тарқатиш пунктларига тўпланмоқда, баъзида тартибсизликлар ва ҳалокатлар ҳам юз бермоқда.

Сўнгги ҳафталарда очлик ва касалликлар оқибатида 147 нафар фуқаро, жумладан 89 нафар бола ҳалок бўлгани қайд этилган. 470 мингдан ортиқ инсон очлик ёқасида. Бу Ғазо аҳолисининг 22 фоизини ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил блокадаси сабаб бўлган очарчилик фонида Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания Ғазога ҳаводан ёрдам юборишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Ғазо Абдулфаттоҳ ас-Сиси Рафаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг