Ўзбекистон элчиси Эрдўғанга ишонч ёрлиғини топширди (видео)

Олам

image

Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги чуқурлаштирилган кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ўртасида самимий ва дўстона муносабатлар қарор топгани алоҳида таъкидланди. Йил охирига қадар режалаштирилган олий ва юқори даражадаги тадбирларга эътибор қаратилди.

Ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни, иқтисодий дипломатияни янада ривожлантириш учун юқори салоҳият мавжудлиги, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Туркия Президенти Ўзбекистон элчисига ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади ҳамда дипломатнинг ўз вазифаларини адо этишида барча давлат ташкилотлари яқиндан кўмак беришини қайд этди.

Маълумот учун, Илҳом Ҳайдаров Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Алишер Аъзамхўжаев ўрнига тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган) Ойбек Шахавдинов Сербия Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик протокол раҳбари Бранко Радовановичга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрдўған Илҳом Ҳайдаров Ўзбекистон элчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг