Туркия Озарбайжон билан 15 йиллик газ келишувини имзолади
Олам
−
05 Январь 2240 2 дақиқа
Туркия Озарбайжон билан 15 йил давомида қарийб 33 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Туркия Энергетика вазирлиги раҳбари Алпарслан Байроқдор маълум қилди.
“2 январь куни Биз Озарбайжон билан қарийб 33 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича янги келишув имзоладик. У 2029 йилдан 2040 йилларгача амал қилади. Ҳар йили Каспий денгизидаги Апшерон конидан 15 йил давомида 2,25 миллиард куб метр газ олами”, дейди турк вазири.
Байроқдорнинг сўзларига кўра, газ Туркияга амалдаги Баку-Тбилиси-Эрзурум магистрали орқали етказиб берилади.
Туркия Энергия бозорларини тартибга солиш кенгаши маълумотларига кўра, Озарбайжон амалдаги келишувлар доирасида 2025 йил январь-октябрь ойларида Туркияга 9,798 миллиард куб метр газ етказиб берган, бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 3,5 фоизга юқори.
Маълумот учун, Россия, Озарбайжон, Эрон ва Жазоир Туркиянинг энг асосий газ етказиб берувчиларидан ҳисобланади. Россия энг йирик етказиб берувчи бўлиб қолмоқда. 2025 йил охирида муддати тугаган шартномалар 2026 йил учун яна бир йилга узайтирилган. Газ “Мовий оқим” ва “Турк оқими” қувурлари орқали етказилади.
Эрон билан мавжуд 10 миллиард куб метрлик шартнома 2026 йилнинг июль ойигача амал қилади ва ҳозирда уни узайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Туркия ўз таъминотини диверсификация қилиш мақсадида Омон, Қатар ва Туркманистон (Эрон орқали своп асосида) каби давлатлардан ҳам газ импорт қилади.
Шу билан бирга, Туркия Қора денгиздаги ўз конларидан (Сакария кони) газ қазиб олишни кенгайтириб, 2026 йилга келиб ички эҳтиёжнинг сезиларли қисмини маҳаллий газ ҳисобига қоплашни мақсад қилган.
Live
Барчаси