Путин Макрон билан Эрон ва Украина масаласини муҳокама қилди

Олам

image

Жорий йилнинг 1 июль куни Россия Президенти Владимир Путин Франция Президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.

Давлат раҳбарлари Яқин Шарқдаги вазиятни, хусусан, Эрон ва Исроил ўртасидаги қарама-қаршилик, шунингдек, АҚШ томонидан Эроннинг ядровий объектларига уюштирилган зарбаларни муҳокама қилган. 

Владимир Путин ва Эммануэль Макрон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари сифатида Россия ва Франциянинг дунёда, хусусан Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ва хавфсизликни сақлашдаги алоҳида масъулиятини таъкидлаган. Шунингдек, глобал ядровий қуролларни тарқатмаслик режимини сақлаб қолиш муҳимлиги қайд этилган. Шу муносабат билан Теҳроннинг тинч атомни ривожлантириш бўйича қонуний ҳуқуқига ҳурмат билан ёндашиш ва Эрон томонидан ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома бўйича ўз мажбуриятларини, жумладан, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорликда давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.

Давлат раҳбарлари Эрон ядровий дастури атрофидаги инқирозни ҳал қилиш ва Яқин Шарқдаги бошқа зиддиятларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан бартараф этиш тарафдори эканликларини билдирган. Позицияларни мувофиқлаштириш имконини кўриб чиқиш мақсадида алоқаларни давом эттиришга келишиб олинган.

Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қиларкан, Владимир Путин Украина можароси – Ғарб давлатларининг кўп йиллар давомида Россиянинг хавфсизлик манфаатларини эътиборсиз қолдиргани, Украинада антирус кўринишдаги майдон яратгани, рус тилида сўзлашувчи аҳолининг ҳуқуқларини бузишга кўз юммагани, ҳозир эса Киев режимини замонавий қуроллар билан таъминлаб, ҳарбий ҳаракатларни чўзишга уринишлари оқибати эканини эслатиб ўтган.

Маълумот учун, Путин ва Макрон ўртасидаги охирги телефон суҳбати 2022 йилнинг 11 сентябрида бўлиб ўтган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон НАТОнинг Гаага шаҳридаги саммити доирасида Европани Россия билан келажакда мулоқот қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Франция Владимир Путин Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг