Макрон Россия билан алоқа қилишдан олдин “обдан ўйлаш”га чақирди
Олам
−
25 Июнь 9035 2 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон НАТОнинг Гаага шаҳридаги саммити доирасида Европани Россия билан келажакда мулоқот қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришга чақирди. Бу ҳақда Франция раҳбари журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.
Унинг таъкидлашича, Европа мамлакатлари доимий зиддият ҳолатида яшаши мумкин эмас. Ҳозирда Россиядан қуролланиш даражаси жиҳатидан орқада қолаётган Европа ўз хавфсизлигини таъминлаш учун қуролланиши керак, лекин шу билан бирга келажакдаги хавфсизлик архитектураси, яшаш шароитлари ва Россия билан қандай диалог олиб борилиши ҳақида ўйлаб қўйиш лозим.
Унинг фикрича, бу хавфсизлик кафолатлари, худди совуқ уруш давридагидек, қурол-яроғ тарқалишини ва қуролланиш ҳажмини чеклашни ўз ичига олиши керак.
“Шунинг учун биз ҳаммамиз ўзимизни ҳимоя қилиш учун қандай чегарагача боришга тайёрмиз ва Россия билан қандай шартларда мулоқот олиб боришимиз мумкинлиги ҳақида қайта ўйлаб кўришимиз зарур”, деган Франция раҳбари.
Россия Президенти Владимир Путин эса Россиянинг НАТОга ҳужум қилиш нияти борлиги ҳақидаги даъволарни “буткул ёлғон” деб атаган. Кремлга кўра, НАТО давлатлари ички бирдамликни сақлаб қолиш ва ҳарбий бюджетларни оқлаш мақсадида Россияни “монстер” (ваҳший душман) сифатида кўрсатишга уринмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса глобал хавфсизлик тизимининг бузилиши учун НАТО сиёсатини айблади. У АҚШни бир нечта ядро ва ракета назорати бўйича халқаро шартномалардан чиқишда айблаб, уларнинг ҳаракатлари стратегик барқарорликка катта зарар етказганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Теҳронни АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларига берган зарбасидан сўнг вазиятни пасайтиришга ва мулоқотга қайтишга чақирганди.