Путин музокараларни эмас, Украина таслим бўлишини истайди – Германия

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Украина билан музокара қилиш ниятида эмас, балки унинг тўлиқ таслим бўлишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль бугун, 30 июнь куни Киевга ташрифи чоғида маълум қилди.

“Украинада Европанинг келажаги ҳал бўлмоқда – эркинлик ва инсон қадр-қиммати қадрланадиган макон бўлиб қоладими ёки зўравонлик чегараларни белгилайдиган қитъага айланадими, мана шу савол асосий масала”, деган Вадефуль. 

У Германия Украинани ўз ҳимоясида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаган. Унга кўра, Германия замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, бошқа ҳарбий техника воситалари ҳамда гуманитар ва иқтисодий ёрдам кўрсатишда давом этади.

Вадефулнинг қўшимча қилишича, Путин “Украинани бўйсундириш” учун бомбардимонлар билан тинимсиз террор олиб бормоқда ва ҳар куни оддий тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда. 

Шунингдек, у Украинанинг бир неча бор жиддий музокараларга тайёрлигини билдиргани, аммо Путин ўзининг максималист талабларидан бир қадам ҳам чекинмаётганини айтган.

“Путин ҳеч қандай музокарани истамайди. У фақат таслим бўлишни хоҳлайди”, деган Германия ТИВ раҳбари. 

Вазир Путин олиб бораётган сиёсатни “империалистик мафкура” деб атаган ва бу мафкурани Германия ва бутун Европа хавфсизлигига энг катта таҳдид деб баҳолаган.

Шунингдек, у НАТО давлатларининг 5 фоиз бюджетни мудофаа ва хавфсизликка йўналтириш режасини иттифоқ эркинлигини ҳимоя қилишдаги қатъият белгиси сифатида эътироф этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия канцлери Фридрих Мерц VDR телеканали ташаббуси билан ўтказилган форумда Германия, Буюк Британия, Франция ва АҚШ томонидан Украинага етказиб берилган қуролларни узоқ масофадаги нишонларга қўллаш бўйича аввал белгиланган чекловлар олиб ташлангани ҳақида гапирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Владимир Путин Йоханн Вадефуль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг