Илҳом Алиев нега МДҲнинг норасмий саммитида қатнашмагани айтилди

Олам

image
Ўйин энди бошланди. 20 сонияда 2 та зарба, 24 сонияда 2 та бегона товуш. Булар нимани англатади? north_east

Ўйин энди бошланди. 20 сонияда 2 та зарба, 24 сонияда 2 та бегона товуш. Булар нимани англатади?

Аввалроқ, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг Санкт-Петербургдаги норасмий саммитида қатнашишдан бош тортгани ҳақида хабар берилган эди. “Minval” нашри Озарбайжон етакчисининг мазкур қарори сабаблари ҳақида ёзди.

Нашрга кўра, ушбу ҳолат илк қарашда иш жадвали билан боғлиқ протокол қарорига ўхшаб кўринади. Аммо аслида бу масала постсовет ҳудудида давлатлараро муносабатлар, ишонч ва масъулиятнинг фундаментал тамойилларига тааллуқли анча чуқур жараённи акс эттиради.

“Сиёсат дипломатик маросимлардан фарқли ўлароқ, якунига етказилмаган инқирозларни камдан-кам ҳолларда кечиради. AZAL’га тегишли фуқаролик самолётининг ҳалокати шунчаки фожиа эмас, балки институционал синов бўлди – давлатларнинг тан олинган меъёрлар доирасида ҳаракат қилиш қобилиятини текширувчи ҳолат: айбни тан олиш, узр сўраш, компенсация тўлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш. Айнан шундай ҳаракатлар алгоритмини Россия Президенти Владимир Путин Душанбеда омма олдида эълон қилган эди. Бироқ вақт ўтиши билан бу баёнот амалиётдан узилиб қолганини кўрсатди”, дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, фожиага Россия ҳаво мудофааси тизимининг алоқадорлиги тан олинганига қарийб икки ярим ой бўлди. Аммо замонавий халқаро тизимда масъулиятнинг минимал стандарти ҳисобланган мажбурий чораларидан бирортаси ҳам амалга оширилмаган. Тергов жараёни чўзилмоқда, компенсация тўланмаган, айбдорлар топилмаган ва жазоланмаган.

Шу нуқтаи назардан Алиевнинг саммитда иштирок этмаслиги ҳиссий дипломатия ёки намойишкорона босим эмас. Бу мантиқий сигнал: икки томонлама муносабатлардаги асосий инқироз ҳал этилмаган шароитда кўп томонлама форматларда иштирок этиш мумкин эмас. Сиёсий институтлар ёпилмаган фожиалар устида фаолият юрита олмайди.

“Муаммо МДҲнинг ўзида эмас. Озарбайжон ушбу форматда фаол иштирок этишга тайёрлигини изчил намоён қилиб келган, жумладан Душанбедаги саммитда ҳам. Бундан ташқари, Баку сўнгги йилларда Марказий Осиё, Арманистон ва Беларусь билан барқарор ва прагматик муносабатларни йўлга қўйди. Бу йўналишлар айнан ўйин қоидаларининг аниқлиги ва ўзаро масъулиятга таянгани учун ривожланмоқда”, деб ёзади нашр.

Қайд этилишича, бугунги кунда тизимли истисно бўлиб қолаётган йўналиш – бу Россия билан муносабатлардир. Сабаби оддий: ваъда билан амалий ҳаракат ўртасидаги номувофиқлик. Сиёсий фалсафада бу ҳолат ҳар доим ишончнинг емирилишига олиб келади. Инқирозларни белгиланган меъёрлар асосида якунлай олмайдиган давлатлар нафақат маънавий обрўни, балки барқарор иттифоқларни шакллантириш имкониятини ҳам йўқотади.

“Озарбайжоннинг бу вазиятдаги позицияси мутлақо мантиқли. Баку мулоқотни рад этмайди ва мавжуд форматларни бузмайди. Аксинча, у аниқ институционал танловни таклиф қилмоқда: ёки инқироз халқаро амалиётга мувофиқ ёпилади, ёки мамлакат ўз позициясини халқаро механизмлар орқали ҳимоя қилишда давом этади. Бу ультиматум эмас, балки замонавий сиёсий тартиб-қоидаларга амал қилишдир”, дейилади материалда.

Маълумот учун, Embraer 190 самолёти 2024 йил 25 декабрь куни Баку-Грозний йўналишида парвоз қилаётганда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаган эди. Дрон ҳужумлари сабаб Чеченистон пойтахтига қўна олмаган самолёт мажбурий равишда маршрутни ўзгартирган. Бортидаги 67 кишидан 39 нафари ҳалок бўлган, улар орасида 16 россияликдан 7 киши бор эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Тожикистонга давлат ташрифи доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Учрашувда Путин Россия осмонида содир бўлган ушбу фожиа учун аввал ҳам узр сўраганини эслатиб, яна бир бор ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдирди. Шунингдек, ўшанда Россия етакчиси Москва катастрофани тергов қилишга тўлиқ ёрдам кўрсатаётганини ва Россия товон тўлаш масаласида зарур ишларни амалга оширишга тайёр эканини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Озарбайжон Илҳом Алиев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги AZAL

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг