2024 йилда Россияга борган ўзбекистонликлар сони очиқланди
Олам
−
20 Июнь 7169 2 дақиқа
Россияга 2024 йилда тахминан 6,3 миллион мигрант борган бўлиб, уларнинг қарийб 1,5 миллионини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича Бош бошқармаси раҳбари Валентина Казакова Петербург халқаро иқтисодий форумидаги чиқишида маълум қилди.
“Биз пандемиягача бўлган кўрсаткичларга қайтдик. 2024 йилда мамлакатга тахминан 6,3 миллион хорижий фуқаролар келмоқда. Уларнинг тахминан 50 фоизи меҳнат фаолияти мақсадида келмоқда”, дейди у.
Хорижий фуқароларнинг асосий қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади (23,3%), улардан кейинги ўринларда Тожикистон (16,7%), Қирғизистон (10,4%) ва Беларусь (9,5%) фуқаролари туради.
Шу билан бирга, Россия статистика хизмати (Росстат) 2024 йилда мамлакатдаги миграцион ўсиш 568,5 минг кишини ташкил қилганини аниқлади, яъни 4 млн 81 минг киши мамлакатга кирган, 3 млн 513 минг киши чиққан. Унга кўра, Тожикистондан 128 минг, Ўзбекистондан 107 минг, Қирғизистондан эса 105 минг киши келган. Бу 2023 йилга нисбатан миграцион ўсиш 2,8 бараварга кўпайганини англатади.
Бунгача Ички ишлар вазирлиги Россияда 638 мингдан ортиқ мигрант болалар борлигини маълум қилган. Вазир ўринбосари Игорь Зубовнинг сўзларига кўра, Москвада 80 282 нафар вояга етмаган хорижлик истиқомат қилади, уларнинг атиги 25 минг нафари мактабда ўқимоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон меҳнат миграцияси бўйича яқин ҳамкорликда ишлашга келишиб олганини маълум қилганди.
Live
Барчаси