Президент Администрациясининг Назорат инспекцияси тугатилди

Жамият

image

Бугун, 16 июнь куни амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида Президент Администрациясининг Назорат инспекцияси фаолияти танқидий кўриб чиқилди.

“Назорат инспекциясига нима учун шунча ваколат берилган? Вазирларга яхши кўриниш учун, улар нимани берса, шуни кўтариб келмасдан, масалаларни ўрганиб, айбдорларни жазолаш бўйича нега таклиф киритмайди?” деди давлат раҳбари.

Фаолиятидаги камчилик ва муаммоларни ҳисобга олиб, Президент Администрациясининг Назорат инспекциясини бугуннинг ўзида тугатишга қарор қилинди.

Шу боис ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилиши белгиланди.

Бундан буён ижро интизомига Ҳисоб палатаси масъул бўлади, унинг ваколатлари кенгайтирилади. Эндиликда Ҳисоб палатаси қарорлар билан берилган маблағларни фақатгина тўғри сарфланишини эмас, балки нима самара берганини, аҳоли бундан қанчалик рози бўлганини ҳам ўрганади.

Палата раиси ҳар бир қарор ижроси натижадорлигини таҳлил қилиб, заиф нуқталар, “аравасини тортмаётган” раҳбарлар ва ишламаётган тизимлар бўйича ўз таклифини ҳар ойда Президентга киритади.

Шунингдек, Ҳисоб палатасига бир ой ичида Тошкент шаҳрида ўзини оқлаган “Халқ назорати” электрон порталини бутун республикада ишга тушириш топширилди. Ушбу портал орқали аҳоли қурилиш, ободонлаштириш ва инфратузилма муаммоларини суратга олиб ва аниқ манзилини кўрсатган ҳолда мобил илова орқали юборади.

Масаланинг ечими ҳам фотосурат билан тасдиқланади. Уларнинг қанчалик тез ва сифатли ҳал этилишига қараб, ҳокимлар фаолияти кунлик баҳолаб борилади. Бу тизим мурожаатларнинг ягона платформаси бўлади ва унга барча вазирлик, идора, ҳокимликлар уланади.

Маълумот учун, Президент Администрациясининг Назорат инспекцияси 2022 йилнинг август ойида ташкил қилинган ва унга Президент қарорлари ва топшириқлари ижросини қатъий таъминлаш вазифаси қўйилган эди. Назорат инспекциясини Саидлазиз Саидкаримов бошқариб келаётган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ҳисоб палатаси Президент Администрацияси Саидлазиз Саидкаримов Назорат инспекцияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг