Кейинги нишон – Шероз. Исроил Эронга янги зарбалар йўллади

Олам

image

Бугун, 13 июнь куни Исроил Эрон шимоли-ғарбига янги ва кенг кўламли зарбалар берди. Бу ҳақда “Israel info” хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳужумлар дронлар ёрдамида амалга оширилган. Табриз аэропорти яқинидаги темирйўл иншоотларига зарар етган, бу ҳудудда ҳаво мудофаа базалари жойлашган.

Исроил мудофаа армияси янги зарбалар фонида Шероздаги ҳужумларни тасдиқлаган. Бу ерда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг штаб-квартираси, ракета ишлаб чиқариш заводи ва тайёр маҳсулотлар омбори жойлашган. 

“Al-Mayadeen” телеканалининг хабарига кўра, ҳужум жойида қурбонлар мавжуд. Эрон ғарбида ҳам ҳужумлар рўй бергани айтилмоқда.

Исроил ҳам ўз навбатида Эроннинг ҳужумларига тайёргарлик кўрмоқда. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон томонидан учирилган дронларни ушлаш бўйича амалиётлар давом этаётганини билдирган.

Эрон оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, Исроил яна бир бор Натанздаги ядровий объектга зарба берган.

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён вазият назоратга олинганини маълум қилиб, “сионистик тузум ҳали ўз ҳаракатларидан афсусланади”, дея баёнот берган. 

Исроил ҳужумларининг янги тўлқини Эрон ҳаво ҳудуди ёпилган вақтда содир бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.

Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.

Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.

Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил Шероз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг