Исроил Ғарбий Соҳилда 19 та аҳоли пункти қуришни маъқуллади

Олам

image

Кеча, 21 декабрь куни Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилда яна 19 та яҳудий аҳоли пункти қурилишини тасдиқлади. Бу ҳақда Исроил Молия вазири Бецалель Смотрич баёнотига таяниб, “Euronews” хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ташаббус Смотрич ҳамда Мудофаа вазири Исроил Кац томонидан қўллаб-қувватланган. Эндиликда Ғарбий Соҳилда халқаро ҳуқуққа зид равишда барпо этилган яҳудий аҳоли пунктлари сони 69 тага етади. 

Тасдиқланган 19 та пунктнинг бештаси аллақачон мавжуд бўлиб, ҳозиргача Исроил қонунчилиги асосида расман тан олинмаган. Яна икки аҳоли пункти қарийб 20 йил аввал бузиб ташланган бўлса-да, ҳозирда қайта тикланган.

Бецалель Смотричнинг таъкидлашича, ушбу қарор Фаластин давлатининг ташкил этилишига йўл қўймасликка қаратилган. Унинг сўзларига кўра, Исроил Фаластин давлати барпо этилишини ўз миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳолайди.

Дунёнинг бир қатор давлатлари Фаластин давлатчилигини тан олиш тарафдори. Германия канцлери Фридрих Мерц декабрь ойи бошида Исроилга ташрифи чоғида Фаластин давлати тузилиши ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирган. Шу билан бирга, у Германия ҳозирча Фаластин давлатини расман тан олишга тайёр эмаслигини таъкидлаган.

Исроил 1967 йилги Олти кунлик уруш давомида Ғарбий Соҳил устидан назоратни қўлга киритган. Халқаро ҳуқуққа кўра, мазкур Фаластин ҳудудида яҳудий аҳоли пунктлари қурилиши ноқонуний ҳисобланади.

Халқаро ҳамжамиятнинг кескин норозиликларига қарамай, Исроил сўнгги ўн йилликларда Ғарбий Соҳилда ўнлаб аҳоли пунктларини барпо этди. Ҳозирда бу ҳудудларда қарийб 500 минг яҳудий истиқомат қилади. Ғарбий Соҳилнинг фаластинлик аҳолиси эса тахминан 3 миллион кишини ташкил этади.

БМТ маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь–декабрь ойларида Исроил Ғарбий Соҳилда 47 390 та уй-жой қурилиши бўйича тендерларни ишлаб чиққан, тасдиқлаган ёки эълон қилган. Таққослаш учун, 2017–2022 йиллар оралиғида аҳоли пунктлари йилига ўртача 12 815 та уй-жой ҳисобига кенгайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ва АҚШ Эронга янги ҳужумларни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди. Трамп ва Нетаньяху декабрь охирида АҚШнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида учрашиши кутилмоқда. Ушбу учрашувда Нетаньяху Эроннинг баллистик ракеталар дастурини кенгайтириши зудлик билан жавоб чораларини талаб қиладиган хавф эканига Трампни ишонтиришга ҳаракат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исроил Ғарбий Соҳил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг