Усмонийлар империяси яқин орада тикланмайди – Нетаньяху (видео)

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Усмонийлар империяси яқин орада тикланмаслигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 11 июнь куни Аргентина Президенти Хавьер Милейнинг Исроилга ташрифи муносабати билан бўлиб ўтган Кнессетдаги (Исроил парламенти) нутқида сўз очди.

Нетаньяху Кнессетнинг тўлиқ таркиби олдида сўзлар экан, Аргентинанинг XIX асрнинг иккинчи ярмида нафақат Шарқий Европадан, балки Усмонийлар империясидан ҳам яҳудийлар учун бошпана бўлганини эслатган. Унинг айтишича, яҳудийлар минтақани иқтисодий қийинчиликлар ва антисемитизм кучайгани боис тарк этган.

“Баъзилар менга қўшилмаслиги мумкин, аммо мен Усмонийлар империяси яқинда қайтади деб ҳисобламайман. У қайтмайди”, дейди Нетаньяху.

Маълумот учун, Нетаньяху 2018 йилда Биринчи жаҳон уруши Усмонийлар империясининг қулашига олиб келгани ва бу сионистик ҳаракатнинг кучайишига йўл очгани ҳақида твит ёзган.

Усмонийлар ва яҳудийлар

XV асрда Испаниядан қувғин қилинган сефарад (Испания) яҳудийлари Султон Боязид II таклифига биноан Усмонийлар ҳудудларига келган. Султон уларни олиб келиш учун флот юборган, фуқаролик ва тўлиқ диний эркинликни тақдим этган. Тарихий манбаларга кўра, 1492 йилда Испанияда 13 минг яҳудий қатл этилган бўлса, ўн минглаб сефарад яҳудийлари Усмонийлар ерига келган. Бугунги кунда сефарад яҳудийларининг авлодлари асосан Исроил, Туркия, Франция, АҚШ, Лотин Америкаси ва Шимолий Африка мамлакатларида яшайди.

Қуддус ва Эрон масаласи

Нетаньяху ўз нутқида Қуддус масаласига ҳам тўхталган.

“58 йил аввал биз Қуддусни яна бирлаштирдик ва мен бу ерда ўтирган барча дўстларим номидан ваъда бераман: у ҳеч қачон қайта бўлинмайди”, дейди у.

Шарқий Қуддусдаги мусулмон ва насроний фаластинликларнинг диний эркинликларига қўйилган чекловлар халқаро танқидга сабаб бўлиб келаётганига қарамай, Нетаньяху Исроил шаҳарда диний эркинликни кафолатлашини айтган.

Шунингдек, у Эронни Исроилга қарши “уруш олиб бораётган давлат” деб атаган ва Исроил Эронни “асалари уясидай издан чиқарганини” иддао қилган, бироқ таҳдид ҳануз сақланиб қолаётганини тан олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NBC News телеканали АҚШ Конгрессидаги манбалар ва вазиятдан хабардор бошқа шахсларга таяниб, Исроил Эрон ядро дастури борасидаги таҳдидга жавобан АҚШ ёрдамисиз ҳам зарба бериш имконини жиддий кўриб чиқаётганини хабар қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Биньямин Нетаньяху Усмонийлар империяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг