Исроил Марказий Осиёга кириб келади, Сурия қайтмоқда – Weekend
Таҳлил
−
09 Ноябрь 26022 17 дақиқа
Исроил билан алоқаларни жуда юқори даражага олиб чиқадиган “Иброҳим келишувлари” Ўзбекистонга етиб келишига бир қадам қолди. Қозоғистон бу ҳужжатни имзолашга тайёр.
Сурия устидан тоғ ағдарилмоқда. Аҳмад аш-Шара АҚШ ёрдамида бир вақтнинг ўзида йиллар давомида Сурияга қўйилган санкцияларни ҳам, ўзига қўйилган террорчи тамғасини ҳам олиб ташламоқда.
Озарбайжон НАТОга яқинлашди. Баку ўз армиясини альянс стандартларига мослаштирмоқда. Бу НАТОга қўшилиш учун қадамми ёки шунчаки ундан ҳоли тарзда қўшинни кучайтириш – буниси номаълум.
Туркия прокуратураси Ғазода сон-саноқсиз геноцид уюштирган Нетаньяху ва яна 40 га яқин исроиллик мулозимни ҳибсга олишга ордер берди.
Ортда қолган ҳафта давомида дунёда рўй берган муҳим воқеа ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг.
Қозоғистон Исроил билан иноқ бўлиш арафасида
Исроил Марказий Осиёга кириб келмоқда. 6 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари учун тарихий аҳамият касб этган АҚШ билан ўтган C5+1 саммити олдидан Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф бу тунда яна бир давлат “Иброҳим келишувлари”га қўшилади деб айтди, аммо ўша давлат номини очиқламади. Бироқ ўша заҳотиёқ бу Қозоғистон эканини кўпчилик англади. Чунки бунга қатор сабаблар етарлича эди. Бу ҳақда эса бироз кейинроқ, мавзу охирида батафсил тўхталамиз. Шундай экан, қисқа қилиб айтганда, яҳудий давлатининг минтақа давлатлари билан ўзаро алоқаларни юқори чўққига олиб чиқиши Қозоғистон орқали амалга оширилиши мумкин. Бу C5+1 саммити ўтказилган пайт Қосим Жўмарт Тўқаев ва Дональд Трамп ўртасида кечган учрашувда аён бўлди. 6 ноябрь куни Оқ уйда бўлиб ўтган Қозоғистон ва АҚШ Президентларининг ўзаро учрашуви акс этган тасвирларда Тўқаев ва Трампнинг ўртасида телефон турганига гувоҳ бўлдик. Бунинг сабаби нима экани эса ўша заҳотиёқ маълум қилинди. Мазкур учрашувда Тўқаев ва Нетаньяху Дональд Трамп ҳузурида телефонда суҳбатлашгани маълум бўлди. Суҳбатнинг асосий мавзуси эса Қозоғистоннинг “Иброҳим келишувлари”га қўшилиш масаласи бўлган.
Тўқаевнинг таъкидлашича, Қозоғистоннинг бу қарори ҳеч бир давлат билан икки томонлама муносабатларга таъсир қилмайди ва аксинча кўп томонлама дипломатиянинг табиий давоми сифатида изоҳланади. Трамп эса Қозоғистон раҳбарининг “Иброҳим келишувлари”га қўшилиш қарорини юқори баҳолаб, бу қадам бошқа давлатларни ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга рағбатлантиради, деб таъкидлади. У буни МО раҳбарлари билан умумий учрашувда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
Кўпчилик “Иброҳим келишувлари” асосан Исроилни давлат сифатида тан олиш учун махсус платформа деб ҳисоблайди. Шу боис Қозоғистон аллақачон Исроил билан тўлиқ дипломатик ва иқтисодий алоқаларга эгалиги ва унинг бу келишувга қўшилиши шунчаки рамзий аҳамиятга эга, деган қарашлар мавжуд. Лекин “Иброҳим келишувлари” фақат Исроилни тан олишнигина эмас, балки у билан энг юқори даражадаги алоқаларни ўрнатишга асос бўлишини мазкур ҳужжатнинг мазмун моҳиятига кўз югиртиганда англаш мумкин.
Хўш, “Иброҳим келишувлари” ўзи нима? “Иброҳим келишувлари” – бу Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш, уни тан олган ҳолда у билан юқори даражадаги дипломатик алоқаларни ўрнатишни назарда тутувчи ҳужжатдир. Мазкур битимнинг номи мусулмонлар ва яҳудийлар учун умумий аждод бўлган Иброҳим пайғамбар шарафига шундай аталади. Бу келишув Трампнинг биринчи президентлик муддати давомида ишлаб чиқилган ва унга мазкур йирик сиёсий ҳужжатни жонажон куёви, АҚШ сиёсий доираларини яҳудий лоббистлари измига бўйсундиришда энг катта роллардан бирини ўйнайдиган ультраисроилпараст тадбиркор, Иванканинг эри Жаред Кушнер ҳамда Трампнинг биринчи мандатидаги собиқ давлат котиби Майк Помпео ва ўша пайтдаги АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман каби шахслар ишлаб чиққан. Мазкур келишув платформаси пайдо бўгунга қадар Исроилни араб давлатлари орасида фақат икки давлат – Иордания ва Миср тан олганди. Яқин Шарқда Тель-Авивни тан олиш даражаси жуда паст ва бу Исроил учун чинакам тарихий муаммо эди. 2020 йилда Трамп маъмурияти илк бор “Иброҳим келишувлари” орқали БАА ва Баҳрайнни, кейинчалик Марокашни Исроилни тан олдиришга эришди.
Аммо “Иброҳим келишувлари” фақатгина тан олишни эмас, балки Исроил билан яхши алоқаларни йўлга қўйишни ҳам англатади. Чунки Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида ўзаро алоқалар нормаллашгандан кейинги илк йилдаёқ улар ўртасидаги савдо айланмаси ярим миллиард доллардан ошган. Бирлашган Араб Амирликларига исроиллик сайёҳлар оқиб келиши икки ўртадаги боғламларни мустаҳкамлаган. Айнан шу нуқтада “Иброҳим келишувлари” фақат Исроилни тан олишдан анча каттароқ нарса эканини англаш мумкин. Бу келишув яқин иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларини ўрнатиш, маданий-маърифий алмашинувлар, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик, технологик соҳадаги тажрибалар алмашинуви ва туризм ҳамда одамлар ўртасидаги алоқалар, жумладан таълим соҳасидаги ҳамкорлик кабиларни ҳам қамраб олади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва қайта тикланадиган энергия каби соҳалардаги ҳамкорлик, сунъий интеллект ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳам шулар қаторида.
Бундан ташқари, “Иброҳим келишувлари” атроф-муҳит муаммолари, хусусан, сув танқислиги ва иқлим ўзгариши каби масалалар доирасида ҳам ҳамкорлик қилиш имкониятини тақдим этиши айтилади. Технология эса “Иброҳим келишувлари” бўйича алоқаларни чуқурлаштириш учун кучли катализатор бўлиб хизмат қилади. Шу боис, халқаро майдонда ва Исроил-АҚШ жуфтлиги томонидан илгари сурилаётган кенгайтириш ҳаракатларида бошқа минтақаларни ҳам мазкур келишувга жалб қилиш қайсидир маънода фақат манавий ютуқ эмас, балки реал натижа сифатида кўрилади. Буни C5+1 доирасида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам таъкидлаб ўтди. Айнан шунинг учун ҳам араб давлатларидан кейинги нишон туркий давлатлар бўлиши эҳтимоли юқори эди. Бу борада ҳаракатлар амалга оширилаётгани ҳақида эса бир неча ойлардан буён жуда кўп хабарлар чиқди. Дастлаб, Трамп бу келишувга Сурия ва Саудияни қўшишни режа қилганди. Аммо Исроилнинг Ғазодаги қатлиомларидан кейин бирор бир араб давлати “Иброҳим келишувлари”га қўшилишга розилик бериши амри маҳол бўлгани боис кейинги нишон сифатида туркий давлатлар кўзланди.
Трамп иккинчи бор ҳокимият тепасига келганидан кўп ўтмай, Оқ уйга йиғилган бир тўда яҳудий раввинлар ундан туркий давлатлар, хусусан, Озарбайжон ва МО мамлакатларини “Иброҳим келишуви”га қўшишни сўраб, мурожаат қилгани ҳақида хабарлар чиқди. Дастлаб, буни Озарбайжон бошлаб бериши мумкин деган қарашлар кенг тарқалди. Чунки Баку ва Тель-Авив шундоқ ҳам жуда яқин алоқаларга эга эди. Аммо кейинчалик бу раллида Қозоғистон анча илгарилаб кетди. Жорий йилдаги БМТнинг юбилей 80-сессиясида сўзга чиққан Қосим Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Яқин Шарқда минтақавий ярашувга қаратилган дипломатик ташаббусларни, жумладан, Араб тинчлик ташаббуси, Нью-Йорк декларацияси, Иброҳим келишувлари ва бошқаларни тан олишини билдириб, бунга анча олдин ишора қилганди. Мана, орадан кўп ўтмай, Тўқаев Қозоғистоннинг бу келишувга киришини расман тасдиқлади.
Шундан сўнг, “Reuters” агентлиги “Иброҳим келишувлари”га Қозоғистондан кейин қўшилиши мумкин бўлган давлатлар сифатида Озарбайжон ва Ўзбекистон номларини келтирди. Эсингизда бўлса, ўтган ойлар мобайнида хориж ОАВда “Иброҳим келишувлари” ҳақида хабарлар анча кўпайган пайтда QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланиб, мазкур идорага “Иброҳим келишувлари”га қўшилиш ҳақида бирор бир сўров келиб тушмаганми қабилида савол билан юзланганди. Вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов эса ўшанда бу масала бўйича ТИВга мурожаат келиб тушмаганини маълум қилган. Ҳозирда эса бу масала бўйича ҳолат қандайлиги ҳақида таҳририятимизда маълум мавжуд эмас.
Умуман олганда Қозоғистон нега айнан бу пайтда мазкур келишувга қўшилишининг баъзи сабаблари ҳам бор. Кўп эҳтимол Тўқаев Трампга Оқ уйга ташрифи давомида қўлга илинадиган совға беришни кўзлаган бўлса ажаб эмас. Чунки инвестиция ёки ўзига тегишли сиёсий ютуқларга эргашадиганларни жонидан ортиқ кўрадиган АҚШнинг амалдаги Президентини ўзига оғдириш учун ё сармоя ёки бўлмаса у барпо қилган қандайдир лойиҳага қўшилиш лозим. АҚШга инвестиция ётқизиш бобида Ўзбекистондан икки баробар ортда қолган Қозоғистон буни “Иброҳим келишувлари”га қўшилиш орқали компенсация қилишга уринган бўлиши мумкин. Яна ким билсин.
Энди эса Сурия ва Саудия масаласига ҳам тўхталсак. Қозоғистоннинг “Иброҳим келишувлари”га қўшилиши бежиз эмасдек туюлмоқда. Чунки 10 ноябрь куни Сурия Президенти Аҳмад аш-Шара, 18 ноябрда эса Саудиянинг дефакто раҳбари, “қора шаҳзода” Муҳаммад бин Салмон АҚШга бориши кутилмоқда. Трамп эса анча пайтдан буён Дамашқ ва Ар-Риёд бу келишувга қўшилиши ҳақида катта ишонч билан гапириб келади. Ўз ўрнида, АҚШ раҳбари буни текинга амалга оширмоқчи ҳам эмас. У сиёсий ва иқтисодий кўмаклар орқали икки араб давлатини “Иброҳим келишувлари”га қўшмоқчи. Биринчи навбатда Трамп ортда қолган кунлар давомида жуда қисқа вақт ичида Сурияга қўйилган бутун дунё миқёсидаги санкцияларни ечиб ташланишида асосий ёрдамчи вазифасини ўтади. Унинг таъсирида БМТ ва бошқа Ғарб давлатлари Дамашқ ва Аҳмад аш-Шаранинг ўтмиши билан боғлиқ ҳолатда унга қўйилган эски санкция ва тақиқларнинг катта қисмини ечиб ташлади. АҚШнинг ўзи ҳам йил бошида унинг боши учун тикилган 10 миллион доллар мукофотни бекор қилиб, жорий йил 7 ноябрда у ва айни дамда Суриянинг ички ишлар вазири бўлиб ишлаётган эски сафдоши Анас Хаттабни террорчилар рўйхатидан бутунлай чиқарди.
Шунингдек, Трамп сўнгги пайтларда Ғазодаги оташкесимдан сўнг Саудия Арабистони ҳам “Иброҳим келишувлари”га қўшилиши мумкинлигидан умидворлигини билдирган. Чунки Ар-Риёднинг аниқ позицияси бор бўлиб, саудлар Ғазодаги қатлиом ҳамда мустақил Фаластин давлатчилигини барпо этиш ҳаракатлари ижобий якунламаса, бу келишувга қўшилиб, Исроилни тан ололмаслигини айтиб келарди. Аммо 18 ноябрь куни барчаси бирдан ўзгариб, “қора шаҳзода” Оқ уйдан “Иброҳим келишувлари”га қўшилишга розилик берган ҳолда чиқиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. У ҳали мустақил ва озод Фаластин давлати қурилмаган бўлсада, айни дамда ҳеч бўлмаганда тинчлик келишуви имзоланганини важ қилиб, бу келишувга қўшилиб кетиши мумкин. Чунки Трамп яқинда CBS News'га берган интервьюсида Саудия Фаластин борасидаги талабига қарамай, “Иброҳим келишувлари”га қўшилишига ишончи комил эканини айтди. Бундан ташқари, у кутилаётган ташрифда “қора шаҳзода”га ёғли таклифлар бериши тахмин қилинмоқда. Бу ишончли дея айтилаётган мудофаа кафолати, ҳудди бир неча ой олдин Қатарга тақдим қилинган ҳимоя ваъдаси сингари.
Шу тариқа Дональд Трамп Сурия ва Саудия Арабистонига кўрсатаётган ҳиммати эвазига уларнинг иккисидан ҳам Оқ уйда катта нарса талаб қилиши аниқ. Бу кўп эҳтимол мазкур араб давлатларидан “Иброҳим келишувлари”га қўшилишни сўрашдир. Трамп бу учун аллақачон тайёргарликни бошлаб юборганини юқорида қайд этилган воқеалар хронологиясидан кўриш мумкин.
Сурия қайтмоқда
Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара мамлакати ва ўзи устидан йиллар давомида Ғарб томонидан қўйилган оғир тошларни катта тезлик билан қисқа вақт ичида олиб ташламоқда. Унинг ўзига нисбатан қўйилган террорчи тамғаси ҳамда Асад даврида Сурияга қўйилган мисилсиз санкциялар кенг миқёсда ечилишни бошлади. Бунда эса Сурия ва аш-Шарага энг катта қаршилик қилган ва уларни санкцияларга кўмишдаги энг асосий давлат – АҚШнинг ўзи ташаббускор бўлаётгани эътиборни тортади. Ортда қолган ҳафтада АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Аҳмад аш-Шарага нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўради. Бундан ташқари, Аш-Шара яқин кунларда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Оқ уйда учрашиши режалаштирилган. Бу Сурия тарихида ҳали кузатилмаган. Сурия Президенти сифатида қайсидир шахснинг Оқ уйга қадам қўйиши шубҳасиз тарихга киради.
“Reuters” агентлиги маълум қилишича, АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим қилган лойиҳасига кўра, санкциялар ҳозирда Сурия ички ишлар вазири бўлиб фаолият юритаётган аш-Шаранинг эски сафдоши Анас Хаттабга қўйилган санкцияларни ҳам бекор қилиниши назарда тутилган. 6 ноябрь куни эса ушбу резолюцияга кўра, БМТ Хавфсизлик кенгаши аш-Шара ва Хаттабга нисбатан жорий этилган, ИШИД ва “Ал-Қоида” билан боғлиқ халқаро санкцияларни бекор қилди. АҚШ томонидан тақдим этилган резолюцияни 15 аъзодан 14 нафари, жумладан Россия ҳам, қўллаб-қувватлади, Хитой эса бетараф қолди. Британия, Россия, Франция ва Покистон вакиллари бу қарорни Сурия иқтисодиётини тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади. Янги суриялик ҳокимият эса санкцияларни бекор қилишни мамлакатга нисбатан “ортаётган ишонч” ва халқаро ҳамжамиятга қайта интеграция имкони сифатида қабул қилди. Ўзи Вашингтон охирги ойларда 15 аъзоли Кенгашни Сурияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни юмшатишга чақириб келаётган эди.
БМТ Хавфсизлик Кенгашинг ушбу қарори қабул қилинганидан бир кун ўтгач, Лондон ҳам аш-Шара ва Хаттабни террорчилар рўйхатидан чиқарди. Бу 7 ноябрь кунига тўғри келди. Британия ҳам Сурияга қўйган санкцияларини жорий йил март ойидан бошлаб ечишни бошлаганди. Ўша пайтда Суриянинг 24 та ташкилоти, жумладан Марказий банк ва бошқа қатор банклар ҳамда нефт компанияларидан санкциялар олиб ташлаган. Октябрь ойида эса Бирлашган Қироллик “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳини ҳам террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлаганди. 7 ноябрда эса энг муҳим санкциялар, яъни ушбу гуруҳнинг етакчилари, ҳозирда эса расмий сиёсий шахсларга айланган икки лидер аш-Шара ва Хаттаблар ҳам санкциялар кишанидан халос этилди.
Мазкур жараёнлар Сурия ва уни бугун бошқараётган раҳбарларни Европага янада яқинлаштирди. Умуман олганда Ғарб АҚШ таъсирида Сурияга қайта очилмоқда. Хусусан, Германия канцлери Фридрих Мерц 3 ноябрь куни Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шарани Германияга таклиф қилиб, мамлакатда жиноят содир этган суриялик фуқароларни депортация қилиш масаласини муҳокама этишни режалаштирганини маълум қилди. Канцлернинг сўзларига кўра, Германия, шу билан бирга, Сурияни барқарорлаштиришга ҳам ёрдам бермоқчи. У аш-Шара билан “бу муаммони биргаликда қандай ҳал этиш мумкинлиги” ҳақида гаплашиш ниятида эканини қўшимча қилди. Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел 10 йил аввал Сурияда фуқаролар уруши авж олганда қочқинлар учун “очиқ эшиклар сиёсати”ни амалга оширган. Бунинг натижасида Германияга тахминан 1 миллион муҳожир, асосан фуқаролик уруши фонида Суриядан қочган катта қочқинлар оқими кириб келган.
Маълумот ўрнида шуни эслатиб ўтиш лозим, аввал “Жабҳа ан-Нусра” номи билан маълум бўлган ҲТШ 2016 йилгача “Ал-Қоида”нинг Суриядаги бўлинмаси эди, аммо кейин бу ташкилотдан ажралган. 2014 йил майидан буён у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Ал-Қоида ва ИШИД”га оид санкциялар рўйхатида турибди. ҲТШнинг бир қатор етакчи шахсларига – жумладан унинг раҳбари Аҳмад аш-Шара ва ички ишлар вазири Анас Хаттабга – саёҳат тақиқлари, мол-мулкни музлатиш ва қурол-яроғ эмбаргоси каби санкциялар жорий этилган. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкциялар қўмитаси эса бу йил Аш-Шара учун саёҳат имтиёзларини беришни бошлаганди. Аш-Шара эса аллақачон халқаро майдондаги ўзининг иккинчи йирик йиғилишида қатнашиб улгурди. БМТнинг юбилей 80-сессияси ва яқинда Бразилийида ўтган COP 30 иқлим форуми шулар жумласидандир.
Уни қўллаб-қувватлаш жорий йил май ойида Трампнинг Яқин Шарққа ташрифи пайтида Саудияда уларнинг “қора шаҳзода” воситачилигида учрашганидан бошланди. Ўшанда Трамп Сурияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилишини маълум қилган эди. Орадан 6 ой ўтиб, 7 ноябрь куни АҚШ Давлат департаменти Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ва унинг ички ишлар вазири Анас Ҳасан Хаттабни террорчилар рўйхатидан чиқарди. АҚШ Давлат департаменти ўзининг бу ҳақдаги баёнотида таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШ тайёрлаган резолюцияни қабул қилган ва бу “Суриянинг янги босқичга ўтиши”ни тасдиқловчи кучли сиёсий сигнал бўлган. Шундан сўнг, 10 ноябрь куни аш-Шара Вашингтонга илк расмий ташрифини амалга ошириши ҳам аниқ бўлди. Оқ уйда у Дональд Трамп билан учрашувда АҚШ раҳбарлигидаги ИШИДга қарши коалицияга қўшилиш ҳақидаги келишувни имзолайди. Бу эса аш-Шара томонидан ташланган мутлақо катта сиёсий қадам бўлади.
Озарбайжон НАТОга яқинлашмоқда
Озарбайжон НАТО билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. 6 ноябрь санасида босқиндан озод қилинган ҳудудлар шарафига ўтказиладиган “Зафар куни” муносабати билан НАТО таркибидаги қатор давлатлардан Озарбайжонга делегациялар ташриф буюрди. Унда Туркия, Греция, Венгрия, Черногория, Нидерландия, Шимолий Македония, Норвегия, Словакия, Словения, Швеция, Чехия, Португалия ва Испаниянинг доимий вакиллари ҳамда АҚШ ва Франциянинг элчихона ўринбосарлари иштирок этди. Илҳом Алиев мамлакат армияси бундан буёғига НАТО стандартлари бўйича шакллантирилишини маълум қилди. Унга кўра, бу борада Туркия билан яқин ҳамкорлик олиб борилмоқда.
1992 йил март ойида Озарбайжон Шимолий Атлантика ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди. Бу форум НАТО ва альянсга аъзо бўлмаган Европа ҳамда Осиё давлатлари билан муносабатларни ривожлантириш учун тузилган эди. 1997 йилда уни Евроатлантик ҳамкорлик кенгашига айлантиришди. 1994 йил май ойида Озарбайжон “Тинчлик учун ҳамкорлик” икки томонлама дастурига қўшилди. Бу дастур Шарқий Европа ва собиқ СССР давлатларига қаратилган эди. Бундан кўзланган мақсад – кейинчалик шу ҳудудлардаги собиқ совет давлатларини альянсга аъзо қилиш бўлган. Бугунгача мазкур минтақалардан кўплаб давлатлар НАТОга аъзо бўлган, аммо Баку бундан мустасно бўлиб қолди.
2004 йилда эса ҳокимият тепасига келганига энди 1 йил бўлган Илҳом Алиев НАТО раҳбарлигига Озарбайжоннинг индивидуал шериклик ҳаракат режасини тақдим қилган. Унда ҳарбий-техник ҳамкорликнинг тафсилотлари кўрсатилган. 2002–2021 йиллар оралиғида озарбайжонлик тинчликпарварлар НАТОнинг “Қатъий қўллаб-қувватлаш” операцияси доирасида Афғонистондаги ҳаракатларда иштирок этган. 2025 йил июнь ойида Озарбайжон ва альянс ҳарбий операцияларни режалаштириш бўйича биргаликда машқ ўтказди. Жорий йил июль–август ойларида эса мамлакат армияси Грузияда бўлиб ўтган NATO Agile Spirit машқларида ҳам иштирок этди. Шу тариқа, Озарбайжон ўз армиясини модернизация қилиш ва НАТО билан ҳамкорликни нафақат ҳарбий, балки қўшма лойиҳалар ва минтақавий хавфсизлик соҳаларида ҳам давом эттирмоқда.
Туркия Нетаньяхуни ҳибсга олмоқчи
ХЖС дан кейин энди Туркия ҳам Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди. Бир йил олдин чамаси шу пайтларда Халқаро жиноят суди Нетаньяху ва унинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олишга ордер берганди. Аммо Туркия ХЖС нинг Рим статутини ратификация қилмагани боис бу процесга тўғридан-тўғри қўшила олмасди. Шу боис энди Туркия Нетаньяхуни индивидуал тарзда ўзи ҳибсга олишини эълон қилди. Истанбул бош прокуратураси Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг “геноцид содир этиш”да айбланиши бўйича ҳибсга олиш ордерини чиқарди. 7 ноябрь куни кечқурун Туркия прокуратураси Х ижтимоий тармоғида Нетаньяху билан бирга яна 36 нафар ҳукуматдаги сиёсий ҳамда ҳарбий арбобларга нисбатан ҳибсга олиш ордери берилганини маълум қилди.
Улар орасида бугунги кунда Исроилнинг Мудофаа вазири сифатида фаолият олиб бораётган ақлдан озган Исроил Кац, Миллий хавфсизлик вазири ва ўта ўнгчи “Яҳудий куч” партияси етакчиси яна бир ақлдан озган экстремист вазир Итамар Бен-Гвир ҳамда Исроил армияси бош штаби раҳбари Эял Замир каби энг асосий қонхўрлар мавжуд. Туркия прокуратураси баёнотига кўра, Ғазо секторида Исроил томонидан тизимли равишда амалга оширилаётган геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар оқибатида минглаб одамлар, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлгани, минглаб инсонлар яралангани ва тураржойлар вайрон қилингани учун уларга нисбатан ҳибсга олиш ордери берилган.
Одатда қайсидир давлат бошқа бир давлатдаги сиёсий шахсларни ҳибсга олишга ордер бериш учун асосан у билан уруш ҳолатида бўлиши ёки ХЖС ордерини ижро этиш мажбуриятини олган бўлиши лозим. Аммо Туркия Исроил билан тўғридан-тўғри уруш ҳолатида бўлмаса ҳам ёки Рим статутини имзоламаган бўлсада, Нетаньяху ва унинг атрофидаги вазирларни ҳибсга олиш ҳаракатини расман бошлади. Қизиғи шундаки, Анқаранинг рўйхати ўша ХЖСнинг тор рўйхатидан анча катта. Бу ҳам сўнгги йилларда Туркия ва Исроил ўртасидаги зиддият кучайиб бораётганидан далолатдир. Ғазодаги тинчлик келишувида АҚШ Туркияни Исроил қаршилигига қарамай, фаол қўллаб-қувватлаётган бир пайтда бу жараён қанчалик ҳалақит беради буни ҳали номаълум.
Исроил Марказий Осиёга кириб келмоқда, Қозоғистон Иброҳим келишувига қўшилишга рози, Туркия Нетаньяхуни ҳибсга олмоқчи, АҚШ Сурия ва Аҳмад аш-Шарани санкция кишанларидан халос қилмоқда, Озарбайжон армиясини НАТО шаклига ўтказмоқчи – Weekend