Месси туфайли Ҳиндистонда тартибсизлик бўлди – Weekend
Таҳлил
−
14 Декабрь 1289 9 дақиқа
Ҳиндистонда Мессининг энг катта ҳайкали очилди. Бироқ ҳиндистонлик мухлислар футболчининг ташрифи давомида тантибсизлик чиқарди.
Путин Покистон Бош вазирини 40 дақиқа куттирди. Сабр косаси тўлган Шаҳбоз Шариф Путин Эрдўған билан гаплашаётган хонага кириб борди.
Сурияда 3 америкалик ҳалок бўлди. Трамп қасос олмоқчи.
Бир ҳафта давомида дунёда содир бўлган муҳим воқеа ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг WEEKEND дастурида танишинг.
Шаҳбоз Шариф Путин ва Эрдўған учрашувини бузиб кирдими?
12 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳамда бошқа давлатлар етакчилари, ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Форумда айтилган гаплар ва таклиф-у ташаббуслар ўз йўлига, унинг доирасида содир бўлган бир ҳодиса кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Гап Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида бўлиб ўтган ёпиқ учрашувга гўё ўзбошимчалик билан кириб боргани акс этган видеолар ҳақида кетмоқда.
Шаҳбоз Шариф Туркманистонда Владимир Путин билан учрашиши керак эди. Ўша куни “RT India” тарқатган видеода у ўринбосари Исҳоқ Дар билан бирга Путинни кутиб ўтиргани кўринади ва изоҳда кутиш 40 дақиқа давом этгани ёзилади. Қўшни хонада эса Путин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан музокара ўтказаётган эди.
Видеодан кўриш мумкинки, сабр косаси тўлган Шаҳбоз Шариф Путин ва Эрдўған ўртасидаги ёпиқ учрашув ўтаётган хонага кириб борган. Айтилишича, у Путин билан қисқача бўлса ҳам мулоқот қилишни умид қилган. Бироқ Шариф тахминан 10 дақиқадан сўнг хонани тарк этган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Шарифни кескин танқид қилди. Изоҳлар орасида “глобал шармандалик”, “Путин қандай ўйнашни билади” каби фикрлар ҳам бўлди.
Бироқ бу видеоларни ким тарқатаётганига эътибор қаратсак, бу жорий йилнинг 5 декабрь куни Путиннинг Ҳиндистонга давлат ташрифи доирасида иш бошлаган канал эканини пайқаш мумкин. Тармоқларда ҳодисани талқин қилган RT India'ни, умуман олганда Ҳиндистон медиасини дизинформация ва воқеани атайин бузиб кўрсатишда айбловчи изоҳлар ҳам йўқ эмас.
Видео тарқалганидан бир неча соат ўтиб, RT India уни ўчириб ташлади ва бу “воқеаларни нотўғри талқин қилиш” бўлиши мумкинлигини билдирди.
Покистон оммавий ахборот воситаларига кўра эса, Шариф Путин ва Эрдўған билан мулоқот қилган ҳамда икки томонлама ва минтақавий масалаларни муҳокама этган.
РИА Новости агентлиги эса Россия ва Туркия делегациялари аъзолари хонани тарк этгандан кейин етакчилар суҳбатни тор доирада давом эттиргани, бироз вақт ўтгач, Путин билан учрашувни кутиб турган Покистон Бош вазири ҳам ушбу учрашувга қўшилганини ёзди.
Путин ва Эрдўған жами ҳисобда бир ярим соат давомида мулоқот қилди. Учрашув якунлангач, аввал Эрдўған, ундан кейин эса Путин Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан бирга залдан чиқди. Россия етакчиси ва Туркия Ташқи ишлар вазири суҳбатлаша туриб, чиқиш томон йўл олди.
Покистоннинг юқори лавозимли амалдорларидан бири ҳукумат бу воқеани протокол меъёрларига зид деб ҳисоблашини айтди.
Россия расмий баёнот бергани йўқ. Кремлга яқин манбалар Путин жадвали “жуда зич ва ўзгарувчан” эканини, бир вақтнинг ўзида бир нечта икки томонлама учрашувлар ўтказилаётганини айтган. Бироқ Покистон буни оддий кечикиш сифатида қабул қилмай, делегацияга ҳеч қандай ўзгариш ҳақида хабар берилмагани ва вазият жадвал зичлигидан кўра чуқурроқ сабабларга ишора қилаётганини таъкидламоқда.
Ҳодисадан бир неча кун олдин Путин Ҳиндистонга кенг ёритилган ташрифни амалга ошириб, Бош вазир Нарендра Моди билан стратегик шерикликни яна бир бор тасдиқлаган эди. Таҳлилчилар томонидан Нью-Делҳидаги расмий зиёфатлар ва узоқ музокаралар Покистон Бош вазирига бўлган муносабат билан кескин таққосланмоқда.
Тарихан Покистон ва Россия муносабатлари эҳтиёткор ва кўпинча мураккаб бўлиб келган – бунда “совуқ уруш” давридаги блоклар ҳамда Москва ва Ҳиндистон ўртасидаги мудофаа ва энергетика соҳасидаги яқин алоқалар ҳал қилувчи роль ўйнаган.
Месси Ҳиндистонда
Ҳиндистоннинг Калкуттасида аргентиналик футбол афсонаси Лионель Месси шарафига дунёдаги энг катта деб ҳисобланган 21 метрлик темир ҳайкал қуриб битказилди.
Ҳайкалда Месси қўлида Жаҳон чемпионати кубогини ушлаб турган ҳолда тасвирланган. Ғарбий Бенгал вазири Сужит Босе ҳайкал атиги 40 кун ичида қуриб битказилганини айтди.
13 декабрь куни ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Месси бу пайтда Ҳиндистонда эди, бироқ тадбирда хавфсизлик сабабли шахсан иштирок этмади, шунинг учун маросим виртуал тарзда ўтказилади.
Месси “Интер Майами”даги жамоадошлари Луис Суарес ва Родриго Де Пауль билан бирга Ҳайдаробод, Мумбай, Деҳли ва Калькутта шаҳарларига уч кунлик ташриф билан келган. У Калкутта шаҳридаги Cри Бҳуми спорт клубида ҳиндистонлик машҳур актёри Шоҳруххон билан ҳам учрашди. Бироқ ҳамма нарса ҳам режа бўйича кетгани йўқ. Ҳиндистонлик мухлислар Лионель Мессининг Калкуттадаги “Солт-Лейк” стадионига ташрифи қисқа муддатда тугагани сабаб тартибсизликлар келтириб чиқарди.
Месси “Солт-Лейк” стадионига чиққан, томошабинларга қўл силкитган ва бир неча дақиқа ўйнаганидан сўнг дарҳол стадионни тарк этган. Бу эса ғазабланган мухлислар орасида тартибсизликларни келтириб чиқарган ва улар стадион раҳбариятини ёмон ташкилотчиликда айблашган. Сабаби кўплаб мухлислар чипталар учун 100 доллардан ортиқ пул тўлаган, баъзилари учун бу Ҳиндистонда бир ойлик маошга тенг бўлган.
“Месси атиги 10 дақиқага келди. Барча VIP меҳмонлар ва вазирлар уни ўраб олишди. Биз ҳеч нарса кўрмадик. Шунча пул, ҳис-туйғу ва вақт беҳуда кетди”, дейди мухлислардан бири.
Суриядаги ҳодисадан сўнг Трамп қасос олмоқчи
Сурияликлар 8 декабрь куни диктотор Башар Асад ва унинг қаттиққўл ҳукмронлиги тугатилганининг бир йиллигини нишонлади. Бир неча йиллик урушдан сўнг барқарорлик ва тикланиш учун курашаётган мамлакатда байрам муносабати билан тадбирлар, ҳусусан ҳарбий парадлар ҳам ўтказилди.
“Ал-Қоида” собиқ қўмондони бўлган аш-Шара Сурия ташқи алоқаларини тубдан ўзгартирган катта ислоҳотлар йўлини бошлаб берди. У АҚШ билан алоқаларни тиклади, ахлоқий ва сиёсий қўллаб-қувватлашни араб кўрфази давлатлари ва Туркиядандан қўлга киритди ҳамда Асаднинг асосий таянчлари бўлган Эрон ва Россиядан чекина бошлади. Ғарб томонидан жорий қилинган оғир санкциялар асосан бекор қилинди.
Аш-Шара Асаднинг шафқатсиз полиция давлатини инклюзив ва адолатли бошқарув билан алмаштиришга ваъда берган. Бироқ мамлакатнинг турли ҳудудларида юз берган тўқнашувларда юзлаб одамлар ҳалок бўлди, бу эса янги қочқинликка сабаб бўлиб, озчилик гуруҳлари орасида аш-Шара ҳукуматигаи шубҳа ва ишончсизликни кучайтирди. Ҳукумат эса Дамашқ назоратини бутун мамлакат бўйлаб қайта тиклаш учун курашмоқда.
Жорий ҳафтада Сурияда “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик ташкилотининг якка ҳолда ҳаракат қилган жангариси тузоғига тушган икки нафар америкалик ҳарбий хизматчи ва яна бир америкалик таржимон ҳалок бўлди. Жангарининг ўзи ҳам йўқ қилинган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса “жавоб чоралари” билан таҳдид қилди. Трамп бу ҳақда кеча, 13 декабрь куни Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум “Суриянинг жуда хавфли, ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара кучлари томонидан тўлиқ назорат қилинмайдиган қисмида” содир этилган. Трампнинг айтишича, аш-Шара содир бўлган воқеадан “жуда ғазабланган ва хавотирда”.
“Ҳа, биз жавоб зарбасини берамиз. Жуда жиддий қасос чоралари кўрилади”, деди Оқ уй раҳбари журналист саволига жавобан.
АҚШ Сурия ва Ироқда ИШИДга қарши халқаро коалицияга бошчилик қилади. Расмий маълумотларга кўра, гуруҳ АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан ҳарбий жиҳатдан мағлуб этилган. Бироқ ИШИДнинг айрим жангарилари ҳали ҳам Ироқ ва Сурияда яшириниб, терактлар уюштириб келмоқда.
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтонда Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди. Шу куни Сурия Дамашқ АҚШ етакчилигидаги ИШИДга қарши халқаро коалицияга қўшилган.
CENTCOM ва Сурия ички ишлар вазирлиги кучлари 24–27 ноябрь кунлари Дамашқ вилоятида ИШИДга тегишли махфий қурол омборлари жойлашган 15 та нуқтага ҳаводан ва ердан зарбалар берган.
Россия Карим Хонни 15 йил қамоққа ҳукм қилди
Путинни ҳибсга олишга ордер берган Карим Хон Россияда сиртдан қамалди. 12 декабрь куни Россия суди Гаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори ва саккиз судьяни Россия фуқароларини таъқиб қилишда айбдор деб топди. Улар сиртдан 3,5 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улар орасидаги ХЖС прокурори Карим Хон 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Хон дастлабки тўққиз йилни умумий тартибли колонияда, қолганини эса максимал тартибли колонияда ўташи керак.
Карим Хон ташаббуси билан ХЖС Россия Президенти Владимир Путинга ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга нисбатан ҳибсга олиш ордерлари чиқарган.
Лекин на Россия, на Исроил Халқаро жиноят судининг аъзоси эмас. Иккала давлат ҳам суднинг юрисдикциясини тан олмайди ва айбловларни рад этади.
Бу ташаббусларидан сўнг Карим Хоннинг ўзига ҳам лой чаплана бошланди. Айрим аёллар 15 йиллар ордин Карим Хон томонидан содир этилгани айтилган жинсий тажовузлар ҳақида айнан ордерлардан сўнг судга мурожаат қила бошлади.
Исроилнинг асосий иттифоқчиси АҚШ эса ХЖСга санкция киритди. Дональд Трамп Халқаро жиноий судни АҚШ ва унинг энг яқин иттифоқчилари, биринчи навбатда, Исроилни ноқонуний нишонга олганликда айблаб, унга нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Карим Хон Трамп томонидан тасдиқланган иқтисодий ва саёҳат бўйича санкциялар остига тушган биринчи шахс бўлди.
Жорий ҳафтада эса АҚШ Халқаро жиноий судни (ХЖС) юридик шахс сифатида санкциялар орқали жазолаш билан таҳдид қилди. Ҳозирча чекловлар фақат айрим шахсларга нисбатан қўлланмоқда.
Вашингтон суди эса Трампнинг ваколат муддати тугаганидан кейин унга нисбатан чоралар кўрилишидан хавотирда. Бу нимага асосланиши мумкинлиги номаълум.
Трамп маъмурияти ХЖСдан унинг асосий ҳужжати – Рим статутига ўзгартириш киритишни талаб қилган. Бу ўзгартириш Трамп ва юқори лавозимли америкалик амалдорларга нисбатан ҳар қандай терговни қатъиян тақиқлаши керак. Агар ХЖС бу ва яна икки талабни бажармаса, унда санкциялар нафақат суднинг айрим мансабдорларига, балки суднинг ўзига ҳам қўлланиши мумкин. Яна 2 талаб нима дейсизми? Бу – Ғазо секторидаги уруш бўйича Исроил раҳбариятига нисбатан олиб борилаётган терговни тўхтатиш, АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги ҳаракатлари бўйича аввал ўтказилган терговни расмий равишда ёпиш.
ХЖС раиси Томоко Аканэ суд АҚШ босимига қарши туришга тайёрлигини айтган.